Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ривожланиш вазири Гулистон давлат университети Кузатув кенгаши раиси сифатида ҳам фаолият юритади
2022-01-13 | Инновация
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновациялар миллий офиси бош директори Олимжон Тўйчиев ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги Инновацион инфратузилмалар ва технопаркларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Хожиакбар Каримов, Сирдарё вилояти инновацион инфратузилма объектлари ҳамда олий таълим муассасалари ўртасидаги интеграциясини ривожлантириш, шунингдек вилоятдаги олий таълим муассасалари илмий фаолиятни ривожлантириш мақсадида Сирдарё вилоятида бўлди.
Ташриф давомида Гулистон давлат университети раҳбарияти билан учрашув ташкил этилди. Унда истиқболли лойиҳалар ўрганилди ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ давлат олий таълим муассасаларининг васийлик кенгаши тугатилиб, Кузатув кенгаши ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан Кузатув кенгашларининг асосий ваколатлари белгилаб берилди. Ушбу қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида Гулистон давлат университетининг Кузатув кенгаши таркиби шакллантирилган. Мазкур Кузатув кенгаши раиси этиб Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов тайинланган.
Гулистон давлат университетининг Кузатув кенгаши келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича кун тартиби тасдиқланди. Кун тартибига узоқ ва ўрта муддатли стратегик ривожлантириш дастурини тасдиқлаш, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг юқори ўринларидан жой олиш бўйича мақсадли чора-тадбирларни белгилаш ҳамда унинг амалга оширилишини назорат қилиб бориш, ўрта муддат учун шакллантириладиган бизнес-режаси ҳамда даромадлар ва харажатлар параметрларини тасдиқлаш, таълим йўналишлари, мутахассисликлар ҳамда ихтисосликлар бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул параметрларини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилиш, мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолати бўйича ректор ва проректорлар фаолиятини ўрганиш ҳамда ахборотини эшитиш масалалари қайд этилди.
Шу ўринда, Инновацион ривожланиш вазирлиги мутасадди ходимлари томонидан, университет ёшларида бизнес ғояларини шакллантириш, уни амалга ошириш ва юритиш қоидаларини ўргатиш, самарали бизнес режаларни ишлаб чиқиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида Гулистон давлат университети ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамкорлигида бизнес-акселератор фаолиятини ташкил этиш таклифи билдирилди.
Сирдарё вилоятига уюштирилган ташриф давомида ишчи гуруҳ вакиллари Сирдарё Ёшлар Технопарки қурилиш ишлари билан танишдилар, мавжуд муаммоли масалалар муҳокама қилинди ва ушбу масалалар ечими юзасидан тегишли топшириқлар берилди. Шу ўринда, ташриф давомида Сирдарёда бизнес акселератори фаолияти ўрганилди.
Сирдарёда бизнес акселератори Вазирлар Маҳкамасининг ёшларда муҳандислик кўникмаларини шакллантириш ва инновацион фаолиятга бўлган қизиқишни уйғотиш, уларни иш билан таъминлаш, шунингдек, ҳудуднинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш мақсадида қабул қилинган тегишли қарори асосида ташкил этилган касб-ҳунар маркази бўлиб мамлакатимиздаги илк ўқув-амалий маскани ҳисобланади. Муассасанинг асосий вазифаси тадбиркорлик субъектларига ўз бизнесини юритишда яқиндан ёрдам бериш, илғор ахборот, инновацион ва педагогик технологиялар ёрдамида тадбиркорлик курсларини ташкил этишдир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги