Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент таълим муассасалари агентлигида Франция таълим муассасалари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2022-01-12 | Таълим
Президент ва ихтисослаштирилган мактаблар ва Франция ўрта махсус таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова билан учрашди
Агентлик раҳбари ўз ташкилоти фаолияти, Президент мактабларининг асосий ўқув дастурлари, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўзининг миллий кадрлар тайёрлаш дастурини ишлаб чиқиш жараёнида халқаро стандартларни жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Жумладан, мактабларда «STEM» (фан, техника, муҳандислик, математика) фанларини ўқитиш ҳамда «агротехнология» фанини мактаб жадвалига киритиш масаласини ишлаб чиқиш ҳақида фикр алмашилди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари топшириғига биноан Президент мактаблари ўқувчиларининг салоҳиятини кенгайтириш мақсадида республиканинг ҳар бир минтақасининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг дастурларига иккинчи тилни қўшиш режалаштирилаётгани таъкидланди.
Учрашув давомида француз тилини иккинчи чет тили сифатида ўқитиш ва бунинг учун француз тили ўқитувчиларини жалб қилиш ҳамда муассасаларни ўқув дарсликлари ва адабиётлар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш мақсадида иқтидорли болаларни ўқитаётган ўқитувчилар учун малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича «INSHEA» Ногирон ёшлар таълимининг миллий олий таълим илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди.
Учрашув якунлари бўйича «Alliance Francaise» ташкилоти билан ихтисослашган мактабларга француз тили кабинетини ташкил этиш, ўқитувчиларнинг қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш, шунингдек, француз оммавий ахборот воситаларида ихтисослаштирилган мактаблар тўғрисида туркум материалларни чоп этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги