Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Қуролли кучлари тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф қозонмоқда
2022-01-12 | Жамият
Қирғизистон Миллий ёзувчилар уюшмаси раёсати аъзоси, таниқли ёзувчи, Бобур номидаги халқаро жамғарманинг Қирғизистон бўлими раҳбари, “Қирғизистон-Ўзбекистон” дўстлик жамияти ижрочи директори Бегижон Аҳмедов юртдошларимиз ҳамда Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларини мамлакатимиз Қуролли кучлари тузилганининг 30 йиллиги билан табриклади
Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, мудофаа тизимини такомиллаштириш, қардош қўшни давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ҳозирги даврнинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда, - деди у. - Чунки умумий хатарларга қарши биргаликда курашишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Мудофаа ва хавфсизлик тизимида асосий омил қуролли кучлар бўлиб, уларнинг ҳарбий-сиёсий тайёргарлиги, ҳарбий хизматчиларнинг замонавий билимларга эга бўлиши, ҳар қандай тажовузга тайёр туриши тинчлик-осойишталикнинг гарови ҳисобланади.
Бу борада 14 январь куни ўттизинчи маротаба ўз байрамини нишонлаётган Ўзбекистон Қуролли кучлари тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф қозонмоқда. МДҲ ва бошқа халқаро ташкилотлар доираларида ўтказилаётган ҳарбий мусобақаларда Ўзбекистон Қуролли кучлари жамоаларининг мунтазам ғалабаларга эришаётганлиги мамлакат етакчиси ва Олий бош қўмондон Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган ва изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий самарасидир.
Дарҳақиқат, ҳарбий хизмат мавқеини ошириш, чақирувга қадар ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни маънавий-маърифий ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш бўйича қардош Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ишлар таҳсинга сазовор. Масалан, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия таркибида “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилиши ҳам илмий ва маърифий жиҳатдан катта воқеа бўлди, деб айтсак асло муболаға бўлмайди.
Шубҳа йўқки, янги академик лицейларда соҳибқирон Амир Темур даври тафсилотларидан тортиб жаҳон адабиёти ва тилларини ўргатишга қадар кенг билимлар берилиши бу ўқув юртларидан маънан маърифатли, қалбан пок ва ватанпарвар мутахассисларнинг вояга етишини таъминлайди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги