Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Татаристонлик ҳамкорлар билан инвестициявий муносабатларнинг ривожланиши муҳокама қилинди
2022-01-12 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 11 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков ва Татаристон Республикаси Президенти Р.Н. Минниханов ўртасида видеоконференция тарзида музокаралар бўлиб ўтди.
Музокараларда Ўзбекистоннинг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда бошқа тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, Татаристон идоралари ва йирик компанияларининг раҳбарлари иштирок этди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик доирасида қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши муҳокама қилинди ва уларни илгари суриш бўйича тадбирлар келишиб олинди. Кимё, нефть-газ, автомобилсозлик, тиббиёт ускуналари ва робототехника, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, илмий-техник ва инновацион соҳадаги ҳамкорлик йўналишларида кенг кўламли лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш билан боғлиқ барча масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Муҳокама якунида мутасадди раҳбарларга тилга олинган масалаларни ҳал этиш ва тегишли лойиҳаларнинг амалий ижросини жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш топширилди.
Томонлар муносабатларни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликнинг барча жиҳатлари юзасидан келишиб олиш мақсадида яқин келажакда Татаристон Республикаси Саноат ва савдо вазирлиги ҳамда йирик компаниялар раҳбарияти билан манзилли музокаралар олиб бориш учун унинг Ўзбекистон ҳудудларига ташрифини ташкил этиш борасида якдил фикрга келдилар.
Учрашув якунида томонлар мавжуд лойиҳаларни илгари суришни жадаллаштириш ҳамда Татаристон ва Ўзбекистон Республикаси ҳукдудлари ўртасида устувор йўналишларда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида кўриб чиқилган ҳамкорлик йўналишлари доирасида мунтазам мулоқотни фаоллаштириш таклифини қўллаб-қувватладилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги