Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мис саноатини ривожлантиришда чили тажрибасидан фойдаланилади
2022-01-11 | Иқтисодиёт
Маълумки, Президентимизнинг 2021 йил 24 июндаги ”Кон-металлургия саноати ва унга боғлиқ соҳаларни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва 2021 йил 22 декабрь куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташрифи давомида бир қатор вазифалар белгиланган эди.
Жумладан, тоғ-кон ва мис саноати кластерини 2030 йилгача ривожлантириш Концепсиясини ишлаб чиқиш, шунингдек, мис хомашёси асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар занжирини яратиш моделлари ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан Чили давлатидан экспертларни жалб қилиш бўйича масъул ташкилотларга вазифалар юклатилган.
Ушбу топшириқларни ижроси Чили Университети муҳандис кимёгари ва материалшунослик фанлари бўйича номзод Хуан Карлос Салас ҳамда Чили давлати тараққиёт сиёсати ва халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Мелвин Ромеро Санмартиндан иборат экспертлар гуруҳи мамлакатимизга келди.
Ташриф доирасида меҳмонлар 2022 йилнинг 8-9 январь кунлари Олмалиқ-кон металлургия комбинатида ҳам бўлиб, музокаралар ўтказилди. Бу ҳақида ОКМК ахборот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида мис саноати кластери бўйича истиқболли режалар муҳокама қилинди. Шунингдек, тоғ-кон ва мис саноати кластерини 2030 йилгача ривожлантириш Концепциясини ишлаб чиқиш, мис хомашёси асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар занжирини яратиш моделлари ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Айтиш лозимки, Чили дунёда мис ишлаб чиқариш бўйича етакчи давлат ҳисобланади. Келгусида юртимизда мис саноатини ривожлантиришда Чили тажрибасидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш белгиланган.
Экспертлар гуруҳи "Қалмоққир" ва "Ёшлик-1" конидаги технологик ишлаб чиқариш жараёни билан ҳам яқиндан танишди. Хорижлик меҳмонлар йиллик қуввати 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш имконига эга бўлган 3-Мис бойитиш фабрикаси қурилиши жараёнини ҳам кўздан кечириб, ушбу лойиҳа бўйича тўлиқ маълумотга эга бўлди.
Шундан сўнг Ангрен эркин иқтисодий зонасида жойлашган Ангрен қувур заводи фаолияти ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳам меҳмонларга кўрсатилди.
Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги