Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир
2022-01-10 | Жамият
Ўтаётган йиллар юртимиз, халқимиз ҳаётида ёрқин воқеликларга бой бўлди. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижасини одамлар ўз турмушларида кўриб, ҳис қилишмоқда. Ҳудудлардаги улкан бунёдкорликлар, обод манзиллар ҳаётимизга янгича зеб бермоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Инсон қадри учун!” шиори остида олиб борилаётган эзгу амаллар умуммиллий мақсад ва ҳаракатга айланди. Мураккаб пандемия шароитига қарамай, юртимиз иқтисодиётининг барқарорлиги, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш сиёсати янада кенг кўламда давом эттирилгани таҳсинга лойиқ.
Президентимизнинг Янги йил муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида жорий йилга “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб ном берилгани юртимизда олиб борилаётган хайрли ишларнинг нафақат давомийлигини, балки янада кенг кўламли ва самарали бўлишини таъминлаши шубҳасиз.
Табрикда таъкидланганидек: “Инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир. Бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи ўрин тутади. Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, мамлакат обод бўлади”.
Демак, жорий йилда ҳам маҳаллаларда самарали иш олиб бориш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифасига айланади. Биз маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш тизимида меҳнат қилаётган барча масъуллар ўз олдимизга мақсад ва вазифаларни белгилаб олдик.
Энг муҳими, маҳалла тизимига қаратилаётган эътибор, мутасадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлиги натижадорликни оширмоқда. Одамлар давлатимиз ўз фуқаролари тақдирига бефарқ эмаслигига амин бўлишлари шарт ва зарур.
Биз мана шу мақсаддан оғишмай, аёлларнинг энг яқин дўсти, ҳамкори ва ҳамфикри бўлишга ҳаракат қиляпмиз. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан индивидуал ишлаш тизимини йўлга қўйиш орқали, ҳар бир хотин-қизнинг муаммоси ҳал этилишида ким, қачон, қаердан деган саволларга аниқ жавоб ва аниқ ечим бўлмагунча ўз-ўзимизга талаб ва назоратни кучайтирамиз.
Зеро, бугун маҳаллаларда ишни сифатли ва самарали ташкил этиш учун барча имкониятлар бор. Обод маҳалла, обод манзиллар яратиш, обод хонадонлар барпо этиш бўйича шахсан Юртбошимизнинг ўзи бизга камарбаста бўлмоқда. Бу эътибор ва ғамхўрликлар халқимизнинг ҳаётини янада фаровон ва мазмунли бўлишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги