Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хоразм вилоятида инвестиция лойиҳаларини илгари суришнинг янги механизми жорий этилмоқда
2022-01-08 | Иқтисодиёт
Хива шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Хоразм вилоятидаги туман ва шаҳар бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари билан учрашув ўтказди.
Йиғилишда вилоятнинг туман ва шаҳарларида инвестицияларни рағбатлантириш, саноатни ривожлантириш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишнинг янги тизимини жорий этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Жойларда иқтисодий салоҳиятни ўрганиш, истиқболли юқори даромадли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, лойиҳавий бошқарув, тадбиркорлар билан ишлаш ва ишга туширилган ишлаб чиқариш объектлари фаолиятини мониторинг қилишнинг янги усуллари кўриб чиқилди.
Таъкидландики, янги тизимга мувофиқ, вилоятда амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳага масъул ходим - “Лойиҳа менеджери” бириктирилиши кўзда тутилган. Унинг вазифалари лойиҳа ташаббускорларига бизнес – режа ва лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш, ер участкаларини олиш ва молиялаштириш масалаларини ҳал этиш, муҳандислик коммуникацияларига уланиш, лойиҳани амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ва юзага келаётган масалаларни ҳал қилишда кўмаклашишдан иборат бўлади. “Лойиҳа менеджерлари” фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш ишлаб чиқилган мезонлар тизими асосида амалга оширилади.
Вилоят туман ва шаҳарларининг бугунги ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш, мавжуд “ўсиш нуқталари”ни ишга солиб аҳоли ҳаёт сифатини яхшилаш ва унинг бандлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш иштирокчилари жойларда орттирган тажриба алмашиб, амалиётда рўй бераётган муаммоли масалалар билан ўртоқлашдилар. Ҳар бир тилга олинган ҳолат юзасидан вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари иштирокида иш олиб борилди ҳамда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Вазирликнинг Хоразм вилоятидаги туман ва шаҳар бўлинмалари ходимлари маҳаллий тадбиркорлар билан ишлаш жараёнида шаклланган кўникмалардан самарали фойдаланиш бўйича манзилли топшириқ ва кўрсатмалар олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги