Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сарҳисоб: 2021-йил - Ички ишлар органларида туб ислоҳотлар йили

2021-12-31 | Хавфсизлик соҳаси

Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш баробарида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар самараси ўлароқ, ички ишлар органларида ҳам тизимли ишлар қилинмоқда. Соҳада ўтказилаётган ислоҳотларнинг салмоғини ички ишлар органлари бошқарув тизими тўлиқ мақбуллаштирилгани, шахсий таркиб қуйи бўғинда, бевосита аҳоли ўртасида хизмат қилиши таъминланганида ҳам кўриш мумкин. Бунинг учун ҳар 35–40 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган қўшимча 261 та янги ички ишлар бўлими ташкил этилди.

Йирик бозорлар, савдо мажмуалари ва аҳоли гавжум жойларда маҳаллий буджет ҳисобидан 41 та бўлинма фаолияти йўлга қўйилди. Жиноятчилик статистикасини юритишда дунё тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, 100 минг аҳоли сонига нисбатан ҳисоблаш тизими йўлга қўйилди.

Шунингдек, ҳудудлардаги криминоген вазиятни таҳлил қилиш, жиноятларни яширмаслик мақсадида ходимлар томонидан аниқланадиган жиноятларни ижобий натижа сифатида баҳолаш тизими йўлга қўйилди. Профилактика инспекторлари, тезкор, тергов, йўл-патруль, патруль-пост, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда пробация хизмати ходимларининг фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш жорий этилди.

Тизимдаги соҳавий хизматлар қайтадан ислоҳ қилиниб, замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, хавфсиз туризмни таъминлаш, пробация, суриштирув, маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани ва кибержиноятчиликка қарши курашишга ихтисослашган бўлинмалар янгитдан ташкил қилинди. Маҳаллаларда жиноятчиликнинг оқибатлари билан курашишга эмас, балки ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга ўтилди. Бунинг учун ҳар бир маҳаллага бир нафардан профилактика инспектори ажратилди. Энг асосийси, профилактика инспекторларининг самарали хизмат қилиши учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратилди.

Яна муҳим ўзгаришлардан бири сифатида профилактика инспекторлари маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича ўринбосари этиб белгиланганлигидир. Бундан ташқари, хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, уларни турли тазйиқлардан ҳимоя қилиш мақсадида жойларда аёллар масалалари бўйича катта инспектор фаолияти йўлга қўйилди. Эндиликда тазйиққа учраган аёлларга ҳимоя ордерлари берилиб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.

Ўтказилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида хизмат фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозиргача ички ишлар органларининг 60 фоизи оптик-толали алоқа тизимига уланиб, 90 фоизи замонавий компьютерлар билан таъминланди.

Бундан ташқари, ички ишлар органлари учун янги маъмурий бинолар қурилиб, амалдагиларининг асосий қисми реконструкция қилинди ҳамда кўплаб хизмат автотранспорт воситалари харид қилинди.

Жорий йилнинг 12 февралида давлатимиз раҳбари бошчилигида ИИВда илк бор Вазирлик ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда белгилаб берилган муҳим вазифалар тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг иккинчи босқичини бошлаб берди. Унга кўра, бугунги кунда Президентимизнинг 2 та фармони ва 8 та қарори, Ҳукуматнинг 6 та қарори ҳамда 19 та идоравий ва идоралараро норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда, ички ишлар органларидаги бошқарув тизими мутлақо янги шаклга ўзгарди. Яъни, турдош соҳавий хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш учун бевосита вазир ўринбосари томонидан бошқарилаётган Тезкор-қидирув, Жамоат хавфсизлиги, Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаментлари ташкил этилди. Барча жазони ижро этиш муассасалари ҳудудий ички ишлар органлари бўйсунувидан чиқарилиб, бевосита Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига бўйсундирилди.

Жойларда жиноятлар содир этилишининг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда, 11 та замонавий иш услуби ва «ҳудуд методика»лари яратилди. Шунингдек, республика бўйича криминоген вазияти энг оғир бўлган 45 та туман-шаҳарлар ҳамда Навоий вилояти, Ангрен, Нукус ва Қарши шаҳарлари ҳамда Сариосиё, Косон ва Чироқчи туманларини «намунавий хавфсиз ҳудуд»га айлантириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурлари тайёрланиб, ижроси таъминланмоқда. Тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида амалга оширилган ишлар туфайли мамлакатимизда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш йўлида муҳим асос яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги «Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан «Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси» тасдиқланиб, мазкур йўналишдаги ишлар мутлақо янги босқичга кўтарилди.

Ички ишлар вазирининг 2021 йил 2-августдаги буйруғига биноан, «Энг яхши кутубхона» ва «Энг яхши китобхон» кўрик-танловлари ўтказилиб, ғолиблар пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари ва дипломлар билан тақдирланди.

Концепцияси ижросини таъминлаш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Хусусан, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти, Маданият вазирлиги билан имзоланган ҳамкорлик меморандуми фикримиз тасдиғидир.

Ички ишлар органларида маънавият ва маърифат хоналарини жиҳозлашнинг ягона намунавий лойиҳасига мувофиқ, вазирликнинг ҳудудий бўлинмаларидаги 351 та «Маънавият ва маърифат хонаси»нинг юздан ортиғи белгиланган тартибда жиҳозланди. Маънавий-маърифий ишларни амалиётга узлуксиз татбиқ этиш мақсадида республика бўйича 206 та шаҳар-туманнинг 186 тасида, вилоятларнинг 10 тасида ва соҳавий хизматларнинг 45 тасида ҳамда таълим муассасаларнинг 12 тасида жами 253 та «Ватанпарварлик бурчаклари» ташкил этилди.

Ички ишлар вазирлиги ва унинг тизимларида Ватанимиз мустақиллиги ва эл-юрт осойишталиги йўлида азиз жонларини фидо қилган ходимларнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида хизмат вазифаларини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимлар таҳсил олган мактаблар ва хизмат жойларига қаҳрамонлик тимсолини акс эттирувчи Ёдгорлик лавҳаларини ўрнатиш, «Ватанга содиқ ўғлон» маърифий бурчакларини ташкил этиш бўйича ҳам самарали ишлар йўлга қўйилди. Жумладан, ана шундай ходимларнинг 151 нафарига ўзлари таҳсил олган мактабларда хотира бурчаклари, 122 нафарига эса бюст ва барелефлар ўрнатилди.

Таъкидлаш жоизки, йил давомида 17 мингдан ортиқ ходимнинг касбий малакаси оширилиб, 2 мингдан ортиқ профилактика инспектори билан сайёр ўқув курслари, ходимларнинг жанговар шайлигини ошириш мақсадида эса 200 марта тактик ўқув машғулотлари ўтказилди. Шунингдек, ҳар бир ходимнинг хатти-ҳаракатига алоҳида баҳо бериш ҳамда унинг хулқ-атворидан келиб чиқиб, аниқ тарбиявий тадбирларни ўтказишга қаратилган «ходимбай» тизими жорий этилди. Жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш, уюшмаган ёшлар, девиант хулқ-атворидаги ўсмирлар, носоғлом ва ғайриижтимоий ҳаёт кечираётган шахслар билан «фуқаробай» ишлаш амалиётини ҳар бир ҳудудда жадаллаштириш бўйича комплекс тезкор ва профилактик тадбирлар ўтказилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ўз касбига садоқатли, фидойи ходимларимиз ислоҳотларга бой бўлган жорий йилда зиммасига юклатилган вазифаларни чуқур ҳис қилган ҳолда, шарафли бурчларини виждонан бажариб, халқимиз ва давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган юксак ишончни оқлаш йўлида тинимсиз ҳаракат қилмоқда.

Энвер БАРИЕВ, ИИВ Ташкилий департаменти бўлим бошлиғи, подполковник.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

Поделиться