Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Поп тумани адирликларида қуёш электр станцияси қурилади
2022-01-07 | Иқтисодиёт
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззақов Хитой Халқ Республикасининг “FHT Future technology ltd.” компанияси бош директори Ли Жин Вен бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Хитойлик инвесторлар гуруҳи томонидан Наманган вилоятининг Поп туманида жойлашган 1 минг 200 гектар ер майдонида қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда муқобил электр энергияси ишлаб чиқарувчи станция қуриш бўйича музокаралар олиб борилди.
Инвесторлар томонидан кейинги босқичда шу ҳудуднинг ўзида қуёш панеллари, батареялари ва ускуналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган технопарк қурилади.
Маълумот ўрнида, вилоят иқтисодиёти ҳамда инвестицион салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлган мазкур истиқболли лойиҳа қиймати 300 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Мулоқот якунида Наманган вилояти ҳокими ҳамда компания бош директори ўртасида шартнома имзоланди. Истиқболли лойиҳани ҳамкорликда, жадал суръатларда амалга оширишга келишиб олинди.
Лойиҳага кўра, компания томонидан замонавий иссиқхоналар, қуёш панелларини Наманганда йиғиш ва экспортга йўналтириш ҳам режалаштирилмоқда.
Манба: ЎзА