Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қорақалпоғистонни янада иқтисодий ривожлантириш имкониятлари ўрганилмоқда
2022-01-07 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг бугунги ҳолатини ўрганиш ҳамда унинг инвестициявий, саноат ва экспорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида мазкур ҳудудга йўл олди.
Сафар давомида ишчи гуруҳ аъзолари бир қатор ишлаб чиқариш объектларида бўлиб, ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнини ўрганди ва лойиҳалар ташаббускорлари билан учрашувлар ўтказди. Суҳбатда тадбиркорларнинг фаолиятини кенгайтириш, қўшимча инвестицияларни жалб қилиш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспортини ташкил этишнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
Вилоятнинг кўплаб йўналишлардаги иқтисодий салоҳияти ишга солинмаётгани маълум қилинди, шу боис устувор тармоқларда қўшилган қиймат занжирларини яратган ҳолда, саноатни ривожлантириш учун туманлар ва маҳаллалар кесимида барча захиралар ва имкониятларни ўрганиш юзасидан ишларни фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Учрашувлар давомида тадбиркорлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш жараёнида дуч келган муаммоларни кўтардилар. Барча билдирилган масалалар ҳар томонлама ўрганилди, уларни ҳал этиш алгоритмлари ишлаб чиқилди ва масъул раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги