Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Илмий ва инновацион соҳалардаги ҳамкорлик мамлакатнинг глобал иқтисодий макондаги нуфузини оширади

2022-01-06 | Инновация

Шиддат билан янгиланаётган замонда ихтиролар, илмий тадқиқотлар, инновацион ғоялар, техник ишланмалар ва уларни тижоратлаштириш ўта муҳим саналади. Айнан уларнинг кўлами ва сифати рақобатбардош, даромади юқори маҳсулотлар яратишга хизмат қилади. Ўз навбатида, халқаро илмий лойиҳаларда иштирок этиш мамлакат илмий салоҳияти даражасини белгилайди.

Илмий ишланма ва технологик янгиликлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларини боғловчи механизмга айланаётган ҳозирги даврда мазкур соҳаларда ҳамкорликни кенгайтирмай туриб, жаҳон бозорларида рақобатбардошликка эришиб бўлмайди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ҳам илм-фан ва инновациялар соҳасида халқаро алоқаларни кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Вазирлик фаолияти самарадорлигини ошириш ва илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш мақсадида Германия, АҚШ, Қозоғистон, Австриядан юқори малакали хорижий мутахассислар маслаҳатчи сифатида жалб қилинди.

Фан ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадидаХитой, Россия, Ҳиндистон, Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда МДҲ билан ҳукуматлараро битимлар имзоланди ҳамда Буюк Британия, Венгрия, Германия, Корея, АҚШ, Туркия, Япония ва барча Марказий Осиё давлатлари билан, шунингдек, БМТ, Жаҳон банки, ЮНЕСКО, ШҲТ, Ислом тараққиёт банки, Европа иқтисодий комиссияси, МДҲ ва бошқа ташкилотлар билан яқиндан алоқалар ўрнатилгани ҳам соҳа ривожига хизмат қилмоқда.


Хорижий ҳамкорликдаги  илмий лойиҳалар

Илм-фан ва инновациялар соҳасидаги халқаро ҳамкорликда хорижий мамлакатлар билан амалга оширилаётган қўшма илмий лойиҳаларнинг ўрни катта. Қўшма лойиҳалар иккала томоннинг умумий манфаатларига хизмат қилади. Исроил, Туркманистон, Эрон, Беларусь, Россия, Венгрия ва EAPI (Евроосиё илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш уюшмаси) билан ҳамкорлик доирасида 2022-2023 йилларда юздан ортиқ халқаро тадқиқот лойиҳасини молиялаштириш режалаштирилган бўлиб, улар қишлоқ хўжалиги ва техника каби аҳамиятли соҳалардан тортиб, сунъий интеллект ва ген муҳандислиги каби замонавий юқори технологияларни қамраб олади.

Вазирлик томонидан эълон қилинган фундаментал лойиҳалар танловларига қўйилган талаблардан бири хорижий экспертларни лойиҳага ҳамраҳбар этиб жалб қилишдир. Хориждаги нуфузли университет ва илмий марказларда фаолият кўрсатаётган, лойиҳа мавзуси йўналишида муҳим натижаларга эришган,  Хирш индекси 5 ва ундан юқори бўлган етакчи олим ҳамраҳбар сифатида белгиланиши тадқиқотларнинг янада сифатли бўлишини таъминламоқда. Масалан, Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази ва Россиянинг Курчатов институти ўртасида узумнинг янги навларини яратиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, геном ахборотлари асосида узум селекцияси учун янги авлод технологиялари яратилади.

Докторантура, стажёр-тадқиқотчилик ва малака ошириш илмий фаолиятнинг ажралмас қисмидир. Жорий йилда фалсафа доктори ва фан доктори илмий даражасини олиш учун 1 800 киши қабул қилинган бўлиб, бу 2019 йилдаги кўрсаткичдан 65 фоиз кўпроқдир. Вазирлик томонидан бу йўналишда ҳам халқаро алоқалар кенгайтирилмоқда. Хусусан, Венгрия, Россия, Беларусь ва Туркия билан ҳамкорликлар натижасида ўзбекистонликлар учун хорижда 150 тага яқин мақсадли квота ажратилишига келишилган.

Изланишларнинг натижалари нафақат Ўзбекистон, балки дунё ҳамжамияти учун ҳам аҳамиятли бўлиши зарур. Бундай халқаро даражани таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги ёш олим ва мутахассислар хорижий давлатларга бориб, уларнинг тажрибасини, инфратузилма ҳамда ютуқларини ўрганишади. Айтиш жоиз, 2019-2020 йилларда 231 нафар ёш олим АҚШ, Россия, Буюк Британия, Германия, Беларусь, Жанубий Корея каби 21 та давлатга юборилди.

2021 йилда  барча соҳалар бўйича 37 нафар ёш олим етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юборилди. 2022 йилда cаралаб олинган 161 нафар номзоднинг юборилиши режалаштирилган.

 

СТАРТАП ЭКОТИЗИМИ ЯНГИЛИК ЯРАТИШДА МУҲИМ БОСҚИЧ

Бутун дунёда инновация ва стартап бир-бири билан чамбарчас боғлиқ атамаларга айланган. Стартаплар билан бугун абстракт ғояларни ҳақиқий маҳсулот ва хизматларга айлантириш мумкин ва бунда илм-фаннинг ўрни катта.

Стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида биргина 2021 йил давомида жами 4 та танлов эълон қилинган бўлса, уларнинг 2 таси қўшма халқаро стартап лойиҳалар танлови экани аҳамиятли. Булар Россия Федерацияси Инновацияларни рағбатлантириш жамғармаси ҳамда Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган танловлардир. Бугунги кунга қадар 10 га яқин лойиҳа учун Ўзбекистон томонидан қарийб 8 миллиард сўм ажратилган бўлиб, натижада ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги маҳсулот ва хизматлар яратилган.

Ҳар йили онлайн форматда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)нинг Стартап форуми бўлиб ўтади. Жорий йилда Ҳиндистон томонидан онлайн форматда уюштирилган форумда стартапларнинг ўзаро кўп томонлама ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган пленар сессия, семинар, тажриба алмашиш учун маълумотлар базаси, етакчи ҳинд инкубаторлари бўйлаб виртуал турлар ташкил этилди.

Илм-фан ва ишлаб чиқаришни бир-бири билан боғлашда муҳим бўлган технологик парклар фаолиятини йўлга қўйишда Туркия, Венгрия ва Хитой билан яқин алоқалар ўрнатилган. Хусусан, Ўзбекистондаги энг йирик технопарк — “Инно” менежментига Туркиянинг энг йирик технологик паркларидан бири бўлган “Йилдиз” муассасаси мутахассислари жалб қилинган. Технопаркларда инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқиш билан бир қаторда тайёр технологияларни хориждан олиб кириш, яъни трансфер қилиш амалиётидан ҳам фойдаланиляпти. Шу ўринда Словакия билан ҳамкорликда ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратлари ишлаб чиқариш технологиялари жорий қилинганини ёдга олиш ўринлидир. Ўзбекистонга инвестиция олиб кириш ва янги юқори қийматли иш ўринларини яратиш билан биргаликда, ушбу технологиянинг трансфери коронавирус инфекцияси оғир аҳволга олиб келган вазиятларда кўплаб инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади.

Яна бир мисол. Исроилдан сунъий йўлдош орқали сув қувурларини ўрганиш ва рақамлаштириш технологияси трансфер қилинди. Натижада Тошкент шаҳрининг ўзида 3 760 та сувнинг сизиб чиқиши нуқталари аниқланди ва деярли 5 миллиард сўм зарарнинг олди олинди.

Илмий фаолият давомида лаборатория жиҳозлари ва қурилмалари ҳамда мунтазам равишда реагент, реактив ва бошқа хомашёлар талаб этилади. Ушбу эҳтиёжни қондириш мақсадида Германиянинг “LMS Consult” ва “Medeg Warenhandels” компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, махсус омборхона ва илмий-тадқиқот институтларига хизмат кўрсатувчи лаборатория ташкил этилмоқда. Бу соҳа олимлари фаолияти учун кўплаб қулайликларни туҳфа этади.

Албатта, ҳар қандай илмий лойиҳани амалга ошириш катта маблағ талаб қилади. Бундай вазиятда мамлакатимиздаги илм-фан, технология ва инновацияларни ривожлантириш манбаларини диверсификация қилиш муҳим саналади. Бунинг учун вазирлик хусусий сектор ва хорижий сармояларни жалб қилиб келмоқда.

Ўзбекистон ва Хитой томонидан молиялаштириладиган қўшма грантлар, шунингдек, ёш олимлар алмашинуви натижасида коронавирус пандемияси бошланаётган даврда Инновацион ривожланиш вазирлиги COVID-19 га қарши курашда катта ҳамкорлик дастурини амалга оширишга киришди. Хусусан, дори-дармон, тест тизимларини ўрганиш бўйича тадқиқотлар қилинди. Айни кезда вакцина яратиш ва ундан фойдаланиш лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти юзага келди. Бу даврда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг Хитой Фанлар академияси Микробиология институти билан ҳамкорлиги йўлга қўйилиб, “Zhifei Longcom Biopharmaceutical” фармацевтика компанияси билан саноат ҳамкорлиги бошланди.

Илғор технологиялар маркази ҳамда Соҳлиқни сақлаш вазирлиги  Вирусология институти олимлари томонидан олиб борилган  илмий-тадқиқот ва ташкилий ишлари туфайли Хитой Ўзбекистонни ҳаммуаллиф сифатида тан олди ва вакцинага ZF-UZ-VAC2001 номини бериш тўғрисида қўшма қарор қабул қилинди. Бу ютуқ мамлакатимизга ўз вакцинасига эга давлатлар қаторига кириш имконини берди.

Хитойлик ҳамкорлар иштирокидаги лойиҳалардан яна бири Хитой Фанлар академияси ҳамда Шинжон физика ва кимё институтининг тўғридан-тўғри инвестициялари ҳисобига амалга оширилиб, мамлакатимизда доривор ўсимликларни синтез қилувчи ва йилига 36 миллион долларга тенг миқдорда фармацевтика маҳсулотлари учун қайта ишланган хомашё тайёрловчи корхонадир.

Шунингдек, илм-фанни молиялашнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида венчур молиялаштириш белгиланди ва дастлабки устав жамғармаси 15 миллиард сўм бўлган миллий венчур фонди ташкил этилди. Ушбу жамғарма юқори технологияга асосланган кичик корхоналарни молиялаштириш, уларни кенгайтириш ва ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, Корея саноат технологиялари институти билан мис саноатига технологиялар трансфери, кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, илм-фан ва инновация бўйича ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида 400 гектар майдонда “Смарт-сити” барпо қилиш учун ҳам ушбу мамлакатнинг йирик компаниялари жалб қилиняпти. Бунинг учун Жанубий Корея ҳукуматининг “Ақлли шаҳарсозлик” дастури доирасида грант маблағлар ажратилади.

Ўзбекистон улкан илмий салоҳиятга эга мамлакат. Мазкур йўналишидаги халқаро ҳамкорлик имкониятларимиз янада кенгайишига, юқори марраларга эришишимизга хизмат қилади. Илм-фан ва инновациялар соҳасидаги халқаро ҳамкорлик янги иш ўринлари яратилиши, аҳоли фаровонлигини ошишига, мавжуд иқтисодий ва ижтимоий муаммолар бартараф этилишига, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга йўл очиши керак. Бунинг учун алоқалар ўрнатилган мамлакатларнинг ривожланган соҳа ва тармоқларига кўпроқ эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Мисол учун, Россия, Италия ва Чили билан узумчилик ва виночилик соҳасида ҳамкорлик кенгайтирилса, Ҳиндистон билан биотехнология ва уруғчилик соҳаси ривожлантирилади. Қардош турк халқи билан барча соҳаларда алоқалар кенгайиб бораётганига қарамай, технопаркларни ривожлантириш ва ахборот хуружига қарши курашиш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизнинг глобал иқтисодий макондаги нуфузини юксалтиришда илмий ва инновацион соҳалардаги халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти катта. Қолаверса, бу борадаги ишлар глобал инновацион индекс кўрсаткичлари юқорилашига ҳам хизмат қилади. Илғор инновацион технологиялар эса миллий иқтисодиётимизнинг самарадорлиги ва меҳнат унумини оширади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги

Поделиться