Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
2021-12-31 | Сиёсат
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни, Янги – 2022 йил билан самимий муборакбод этаман. Шу қувончли дамларда барчангизга тинчлик-осойишталик, сиҳат-саломатлик, бахту саодат тилайман!
Бугун, Янги йил остонасида туриб, ўтаётган йилдан рози бўлсак, Яратганга ҳар қанча шукроналар айтсак, арзийди.
"Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" ҳаётимизда ёрқин из қолдирмоқда. Йил давомида сизлар билан бирга улкан ишларни амалга оширдик.
Пандемия ва глобал инқирозга қарамасдан, юртимизда юқори иқтисодий ўсиш таъминланди. Кўплаб корхоналар, кластер ва технопарклар, замонавий инфратузилма тармоқлари барпо этилди.
Янги-янги уй-жойлар, боғча ва мактаблар, олийгоҳ ва шифохоналар, маданият ва спорт масканлари фойдаланишга топширилмоқда.
Тадбиркорлик ҳаракати, жумладан, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги жадал ривожланмоқда.
Деҳқон ва фермерларимиз фидокорона меҳнат қилиб, бу йил ҳам мўл ҳосил етиштирдилар.
Шаҳар ва қишлоқларимиз обод бўлиб, Янги Ўзбекистоннинг бетакрор қиёфаси шаклланмоқда.
Билимдон ва ғайратли ёшларимиз катта-катта ютуқлари билан халқимизни янада қувонтирмоқда. Мамлакатимизнинг халқаро нуфузи тобора юксалмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, хорижий ҳамкорларимиз, чет давлатлар халқларини Янги йил билан табриклаб, уларнинг барчасига тинчлик ва равнақ тилаймиз.
Азиз дўстлар!
Юртимизда кенг кўламли ислоҳотларимиз барқарор тус олди.
Уларни янада ривожлантириш мақсадида биз Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқдик.
Унинг асосида "Инсон қадри учун", деган улуғвор ғояни амалга оширамиз.
Биз янги йилга ном беришда, кенг жамоатчиликнинг фикрларини ўргандик. Ана шу таклифлардан келиб чиқиб, мен Янги – 2022 йилни мамлакатимизда "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили" деб эълон қилишни таклиф этаман.
Инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир.
Бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи ўрин тутади.
Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади.
Маҳалла обод бўлса, мамлакат обод бўлади.
Шу боис, бундан буён ҳар бир маҳаллада самарали иш олиб бориш фаолиятимизнинг бош мезонига айланади.
Бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорликни таъминлашга устувор аҳамият қаратамиз.
2022 йилда иқтисодиётимиз тармоқлари ва тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш эътиборимиз марказида бўлади.
Аҳоли даромадларини кўпайтириш, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини оширишга қаратилган муҳим ишларни давом эттирамиз.
Ижтимоий соҳалар, айниқса, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия ва илм-фанни ривожлантиришга барча ресурслар жалб этилади.
Муҳтарам уруш ва меҳнат фахрийларини, азиз аёлларимиз ҳамда ёшларимизни қўллаб-қувватлаш, кўмакка муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор берамиз.
Юртимизни янада обод қилиш, замонавий уй-жойлар, жумладан, барча ҳудудларимизда "Янги Ўзбекистон массивлари"ни қуриш асосий вазифаларимиздан бири бўлади.
Ишонтириб айтаманки, халқимизнинг ҳаёти янада фаровон ва мазмунли бўлиши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Азиз ва қадрли ватандошларим!
Барчангизни Янги – 2022 йил билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман!
Янги йилимиз қутлуғ ва баракали келсин!
Кексаларимизнинг умрини, ёшларимизнинг камолини берсин!
Дилбар аёлларимизга доимо бахту иқбол ёр бўлсин!
Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Янги йил барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти