Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Қозоғистон делегацияларининг учрашуви
2021-12-30 | Сиёсат
Жорий йилнинг 29 декабрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукумат делегацияларининг видеоконференция форматида ишчи учрашуви бўлиб ўтди.
Делегацияларга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири A. Aрипов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири A. Мамин бошчилик қилди.
Учрашув иштирокчилари 2021 йил икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим воқеаларга бой бўлганини таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
5-6 декабрь кунлари Қозоғистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи йилнинг энг муҳим воқеаси бўлди. Ташриф доирасида икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланди.
Шу муносабат билан, ҳукуматлар олдига қўйилган вазифалар сўзсиз ва тўлиқ бажарилиши таъкидланди.
Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Саноат, транспорт, рақамлаштириш, энергетика ва сув ресурслари соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг бориши кўриб чиқилди. Таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси
Бош вазирининг Матбуот хизмати