Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Истанбул” технопарки делегацияси Инновацион ривожланиш вазирлигига ташриф буюрди
2021-12-30 | Инновация
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов таклифига кўра “Истанбул” технопарки Бош менежери Билал Топчу бошчилигидаги делегация Тошкентга ташриф буюрди. 28 декабр куни Вазирлик биносида ўзбек ва турк томонларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Томонлар Ўзбекистонда инкубация марказлари ва технопаркларни ривожлантириш, технологиялар трансфери, тажриба алмашиш ва қўшма инкубация ва акселерация дастурларини ташкил этиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг декабр ойида Инновацион ривожланиш вазирининг Туркия Республикасига ташрифи амалга оширилган бўлиб, ташриф доирасида “Истанбул” технопарки Бош директори ва асосчиси Метин Эрбакан билан учрашув бўлиб ўтган эди. Шунингдек, ташриф давомида Ўзаро англашув меморандумига Қўшимча битим имзоланган бўлиб, битимга кўра турк томони Ўзбекистонда технологияларни ривожлантириш зонасини ташкил этиш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашади.
Турк делегацияcи Тошкентдаги INNO Технопарк, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Яшнобод технопарки, Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери офиси, Илғор технологиялар маркази имкониятлари ва салоҳияти билан яқиндан танишди, вазирликнинг республика ҳудудларида технопарклар қуриш дастури, жумладан, Сирдарё вилоятидаги лойиҳаси муҳокама қилинди.
Учрашув давомида томонлар Тошкент шаҳри ва республика ҳудудларида инкубация марказлари ва технопаркларни ривожлантириш, уларнинг фаолиятини бошқариш, тажриба алмашиш, “Истанбул” технопарки резидентларини Ўзбекистонга жалб қилиш, технологиялар трансфери ва қўшма инкубация ва акселерация дастурларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар.
“Истанбул” технопарки 1987 йилда 2,5 млн м2 майдонда ташкил топган, Туркияда бугунги кунда мавжуд 87 та технология ривожлантириш ташкилотлари орасида энг йириги ҳисобланади. Мазкур технопаркда 407 нафар резидент бўлиб, улар орасида мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган STM, Aselsan, TAI, TEI, Roketsan, BMC, Yaltes, С2Tech каби нуфузли ҳарбий-техник ва илғор инновацияларга ихтисослашган компаниялар мавжуд. Бундан ташқари технопарк таркибида 85 та инкубатор, технологик трансфер маркази, мудофаа, аэрокосмик технологиялар, тиббиёт соҳаларидаги 4 та илмий-техник кластер фаолият юритмоқда.
Сўнгги 10 йилда технопарк томонидан 2 570 та миллий лойиҳа амалга оширилиб, 987 та илмий ишланма яратилган, 265 та патент олиниб, 7 655 нафар тадқиқотчига илмий-техник кўмак кўрсатилган ҳамда 317 млн долларлик экспорт қилинган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги