Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Юксак ғалабаларга эътибор ва эътироф орқали эришилади

2021-12-30 | Спорт

Акбар Жўраев ва Баҳодир Жалолов 2021 йилнинг энг яхши спортчилари, деб топилди.

Эски йилни кузатиш, янги йилни қаршилаш остонасида турибмиз. Эътиборлиси, 2021 йилнинг қувонч ва ташвишлари, шов-шув ва ҳаяжонлари, кутилган ва кутилмаган натижалари, энг аввало, мамлакатимиз спорт соҳасида кўпроқ рўй берди, десак муболаға бўлмайди.

Зотан, йил мобайнида кечиктириб ўтказилган олимпия ўйинларининг йўлланмаларини қўлга критиш, бевосита ўйинларда қатнашиш, жаҳон ва қитъа чемпионатларида кўзланган натижаларга эришиш, барча-барчаси йил давомида минглаб спорт ишқибозлари қатори, спортчи-ю мураббийлар, кенг спорт жамоатчилигининг қизиқиш орбитасида турди. Вакилларимиз жаҳон майдонларининг шоҳсупасига кўтарилиб, Ўзбекистон байроғини юксалтирганда қувончли ҳаяжонини яшира олмади, мағлуб бўлганда гўёки ўзлари ютқазгандек, ҳасрат чекди.

Бу туйғуларнинг барчаси биз – бир жамоа, биз бирдам ва ҳамжиҳат эканлигимиздан, бир мақсад – Янги Ўзбекистон тамойли атрофида жипслигимиздан, аслида.

Бошқа соҳаларда бўлгани каби мамлакатимиз жисмоний тарбия ва спорт тизимида ҳам йил якунларини сарҳисоб қилиш, Ватан довруғини достон этган, ўз салоҳиятини намойиш этганларни эътироф этиш, уларни муносиб рағбатлантириш доимий анъана тусини олган.

Бу йил ҳам шундай бўлди. Пойтахтимиздаги “Хилтон” меҳмонхонасида “Uzbekistan Sport Awards – 2021” тақдирлаш маросими ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Осиё олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва бошқалар йиғилганларни қутлаб, ўтаётган йилда юртимиз спортчилари томонидан қўлга киритилган ютуқларнинг аҳамияти хусусида тўхталишди. “2021 йил Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабалари йили” бўлганлигини эътироф этишди.

Хусусан, шу кунларда Польшанинг Варшава шаҳрида тезкор шахмат бўйича ўтаётган жаҳон чемпионатида Нодирбек Абдусатторов дунёнинг энг кучли гроссмейстерларини, жаҳон чемпионларини мағлуб этиб, чемпионлик тожига эга чиққанлиги ўзбек спортининг янги-янги ғалабалари, янги-янги нодир истеъдодлари йилдан-йилга ортиб бораётганлигидан далолатдир.

Бундай ютуқлар Токиодаги олимпия ва паралимпия ўйинларида, спорт турлари бўйича ўтган жаҳон чемпионатларида, I МДҲ ўйинларида, нуфузли мусобақаларда ҳам бардавом бўлганлиги кейинги халқаро спорт мусобақаларига мустаҳкам замин тайёрланаётганлигидан нишона.

Йил якунларига бағишланган тадбир давомида таниқли спортчилар, мураббийлар, спортимиз фахрийлари сўзга чиқиб, ушбу ғалабаларнинг, муваффақиятларнинг заминида давлатимиз томонидан жисмоний тарбия ва спортга берилаётган алоҳида эътибор, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ётганлигини таъкидлашди.

Ўтаётган йилда мамлакатимиз спортчилари жаҳон миқёсидаги спорт тадбирларида шу кунгача 600 дан зиёд медаллар шодасини қўлга киритган. Шундан 5 таси олимпия ўйинлари, 200 га яқини жаҳон чемпионатлари, қолгани нуфузли турнирлар, қитъа чемпионатларига тегишли ютуқлар ҳисобланади.

Улар орасида Баҳодир Жалолов(бокс), Акбар Жўраев(оғир атлетика) ва Улуғбек Рашитов(таэквондо) сазовор бўлган тўрт йилликнинг энг йирик спорт анжумани Токио олимпиадасидаги олтин медаллар бошқаларидан эътиборлироқ, албатта.

Айниқса, оғир атлетикачимиз Акбар Жўраевнинг 2021 йилда ҳам олимпиада, ҳам жаҳон чемпиони мақомига кўтарилиши, олимпия рекордини янгилаши дунё спортида камдан-кам учрайдиган ҳодиса, десак муболаға бўлмайди. Зотан, шу пайтгача дунё спортида бир йилда ҳам олимпиада, ҳам жаҳон чемпионатида зафар қучган спортчилар бармоқ билан санарлидир. Хусусан, оғир атлетикада фақат грузиялик Лаша Талахадзегина шу номга эришган спортчи саналади.

2021 йилнинг энг яхши спортчисини аниқлаш учун мухлислар ўртасида ўтказилган сўров, махсус комиссия аъзоларининг овоз бериши ва спорт журналистларининг танлови натижасида Акбар Жўраев ва Баҳодир Жалолов “2021 йилнинг янг яхши спортчилари”, дея топилди.

Аниқроқ айтганда, мухлислар ўртасидаги сўров натижасига кўра, “Йилнинг энг яхши спортчиси” – бокс бўйича Олимпия ўйинлари ғолиби Баҳодир Жалолов, деб топилди. Республика комиссияси хулосасига ҳамда спорт журналистларининг овози натижасида “Йилнинг энг яхши спортчиси” Ўзбекистон миллий кубоги ғолиблиги оғир атлетика бўйича олимпия ўйинлари ғолиби ва жаҳон чемпиони Акбар Жўраевга насиб этди.

Шунингдек, Улуғбек Рашитов “Йил кашфиёти”, унинг мураббийи Павел Хан “Йил мураббийи”, Элбек Султонов “Йилнинг энг матонатли эркак спортчиси”, Нурхон Қурбонова “Йилнинг энг матонатли аёл спортчиси”, Сардор Абдухаликов “Йилнинг энг яхши паралимпия мураббийи”, Нигина Ўктамова (бокс) “Йилнинг энг яхши ёш спортчиси”, Камронбек Қадамов (эркин кураш) “Йилнинг энг ёш спортчиси”, Асила Мирзаёрова “Йилнинг энг яхши ёш матонатли спортчиси” (қизлар), Бобуржон Омонов “Йилнинг энг яхши ёш матонатли спортчиси” (ўғиллар) каби 30 та номинация бўйича совриндорлар аниқланиб, улар муносиб тақдирланди.

Спортчи-мураббийлар, спорт жамоаларининг вакиллари, кенг спорт жамоатчилиги жам бўлган даврада муносиблар билан суратларга тушилди. Кейинги йилларда ҳам Ватанимиз шаънини халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя этишлари йўлида эзгу тилаклар билдирилди. Кўнгиллар шод бўлди. Муҳими, 2021 йил мамлакатимиз спорт ҳаётида ўзига хос ёрқин зарварақларга бойлиги билан ажралиб турганлиги, эришилган натижалар аҳоли жипслигини, бир мақсад атрофида ҳамжиҳат бўлиш тамойилларига собитлигимизни кўрсатди.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, маросим давомида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фотомухбири Алимурод Мамадаминов “Йилнинг энг фаол фотомухбири", “Sport” телерадиоканали журналисти Шафоат Толибжонова “Йилнинг энг фаол спорт журналисти”, MY5 телеканали спорт шарҳловчиси ва блогер Ҳилола Исоқова “Йилнинг энг фаол блогери” номинациялари соҳиблари бўлди.

Бундан ташқари, кўп йиллар собиқ Давлат спорт қўмитаси раиси бўлган, ҳозирда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситовнинг “Спорт соҳасидаги кўп йиллик хизмати учун” тақдирланиши, Бухоро тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабининг “Йилнинг энг фаол спорт мактаби”, оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг “Йилнинг энг яхши терма жамоаси”, дея эътироф этилиши соҳа тараққиётини янги ғалабалар сари илҳомлантириши, шижоат бағишлаши шубҳасиз.

Эътироф этмоқ лозимки, белгиланган номинациялар бўйича ғолиб, деб топилганларнинг ҳар бирига 10 миллион сўм пул мукофоти, махсус кубок тантанали топширилди.

Йилнинг энг яхши спортчилари бўлган Акбар Жўраев ва Баҳодир Жалоловга 10 минг АҚШ доллари сертификати ҳамда махсус кубок тақдим этилди.

Муҳими, якунланаётган йил бизни келгуси йили Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинларига, 2024 йилги Париж олимпиадасига, 2025 йили Тошкентда ташкил этиладиган ўсмирлар ўртасидаги қитъа ўйинларига, ўнлаб жаҳон ва қитъа чемпионатларига янада яқинлаштирмоқда. Нуфузли мусобақалардаги ғалабаларга эса эътибор ва эътироф орқали эришилади. Бунда, соҳа ривожи йўлида фидойилик кўрсатаётганларга эътибор, уларни рағбатлантириш муҳим омил ҳисобланади. Демак, янги ғалабалар, унинг ортидан келадиган ғурур ва ифтихор карвонлари, Янги Ўзбекистоннинг Янги муваффақиятлари олдинда.

Манба: ЎзА

Поделиться