Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Норвегия Қироллигининг Осло университети Ўзбекистонда тиббий илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор
2021-12-29 | Таълим
Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, ҳусусан, тиббиёт соҳасида илмий – интеллектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий – инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш, истиқболда стоматология ва юз – жарроҳлиги илм – фанни мунтазам ислоҳ қилиб бориш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш республика олий таълим муассасалари олдида турган долзарб масалалардан биридир.
Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси илм – фанда ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш орқали хорижий давлатлар етакчи олий таълим муассасалари (ОТМ) ва илмий марказларини ва юртимизнинг таълим муассасалари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш ҳамда унинг доирасида лойиҳаларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Элчихона ташаббуси ва кўмаги билан Норвегия Қироллигининг Осло университети ва Тошкент давлат стоматология институти раҳбариятлари орасида музокаралар олиб борилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон Республикасида илмий – тадқиқот фаолиятини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришнинг барқарор тизими яратилганлиги, мамлакатимизда ОТМ илмий лабораториялари ва илмий - тадқиқот муассасалари моддий – техник базалари такомиллаштирилаётгани, республика миқёсидаги илмий – техник ва эксперт кенгашлари шаклидаги кўп тармоқли илмий – ташкилий инфратузилмалар фаолияти йўлга қўйилганлиги ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шу билан бир қаторда, Осло университетининг нуфузли Халқаро QS рейтингида 102 ўринни эгаллашининг асосий омили – илмий тадқиқотлар натижадорлиги ва ёш иқтидорли изланувчилар учун яратилган инновацион инфратузулма орқали эришилганлиги ҳақида норвегиялик мутаҳассислар тақдимот ўтказишди.
Ўтказилган тадбир давомида Ўзбекистон ва Норвегия олий таълим муассасалари ўртасида икки томонлама илмий – тадқиқот фаолиятини ташкил этиш, ёш мутаҳассислар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва самарадорлигини оширишга йўналтирилган салмоқли ишлар амалга ошириш ҳақида келишувга эришилди.
Ҳусусан, 2022 йил февраль – июнь ойларида иқтидорли талабалар ва магистрлар учун масофавий маърузалар ташкил этиш, стоматология ва юз – жағ жарроҳлиги йўналишида таҳсил олаётган докторантларга Осло университети базасида 3 ойлик илмий стажировка ўтишлари учун шароитлар яратиш, норвегиялик мутахассислар билан ҳамкорликда 2022 йил февраль – март ойларида «Тиббиёт соҳасидаги Ўрта Осиё олимлари ва мутафаккирларини жаҳон цивилизацияси ривожланишидаги ўрни» халқаро конференциясини ўтказиш бўйича йўл ҳаритаси ишлаб чиқилди.
Президентимизнинг соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан “Ўзбекистон тиббиёти — инсон қадри учун” мавзусида бўлиб ўтадиган очиқ мулоқотига тайёргарлик жараёни айни пайтда қизғин паллага кирган.
Юқорида ўтказилган тадбирлардан кутилаётган асосий мақсад мамлакатимиз ОТМ илмий – тадқиқот йўналишларини жаҳон талаблари асосида ташкил этиш, илм – фан соҳасига билимли, салоҳиятли ва ёш кадрларни жалб қилиш, мамлакат илмий салоҳиятини ривожлантириш ва халқаро илмий ташкилотлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш.
Манба: Тошкент Давлат Стоматология Институти