28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги фаолиятига бир йиллик фаолияти сарҳисобига бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Унда вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари, агентлик ва тизим ташкилотлари ходимлари, киноижодкорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари кинематография ривожига қўшган ҳиссаси учун тақдирланди.
Маросимда, шунингдек, Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этди ҳамда давлат раҳбари ташаббуси билан чорак аср ўтказилмай келган Тошкент халқаро кинофестивалининг қайта тикланганлиги мазкур соҳага қаратилаётган эътибор нақадар юқори эканлигини алоҳида қайд этди.
“Ўтаётган йилнинг йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири С.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкент филиали очилишидир. Бу эса, ўз навбатида, соҳа ривожига ижобий таъсир кўрсатибгина қолмай, балки мамлакатимиз кинематографияси малакали кадрлар қўлига ўтиши ҳамда жаҳон тан оладиган киноасарлар яратилишига замин яратади”, - деб таъкидлаб ўтди Азиз Абдуҳакимов.
Тадбир давомида “Ипак йўли дурдонаси” XIII Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ташкил қилинган тадбирлар, ижодий лойиҳалар ва натижалар юзасидан видеороликлар намойиш этилди.
Бундан ташқари, ОАВ вакиллари, мутахассислар, ижодкорлар, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” тизими ходимлари ва ёшлар иштирокида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ёшлик киностудияси” ДУК томонидан суратга олинган “101 рейс" бадиий фильмининг ёпиқ намойиши бўлиб ўтди.
Маълумот учун, “101 рейс” кинокартинаси 2001 йил 11 сентябрь куни машъум теракт туфайли Тошкент-Нью-Йорк йўналишида парвоз қилган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолёти экипаж аъзоларининг фавқулодда жасорати тўғрисида ҳикоя қилинади. Фильмда бош қаҳрамон ролини марҳум актёр Ҳошим Арслонов ижро қилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги