Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Президент совғаси” ҳудудларга жўнатилди
2021-12-28 | Таълим
Йил сўнгида анъанага кўра Республика бўйлаб Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар учун “Президент арчаси” тадбири ўтказилади.
12 ёшгача бўлган болалар учун тайёрланган “Президент совғаси” таркибига ширинликлар, ўқув қуроллари ва Болалар энциклопедиясидан иборат 21 турдаги совғалар киритилган.
Шунингдек, жорий йилда Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари, Оилавий болалар уйлари ҳамда SOS болалар маҳаллаларининг 12 ёшдан катта бўлган 980 нафар тарбияланувчи учун замонавий планшет ҳам совғалар таркибига киритилди.
Шундай қилиб, жорий йилда йилда 9070 дона “Президент совғаси”дан таркиб топган совғалар тайёрланиб, ҳудудларга юборилди. “Президент совғаси” Республикамизнинг 10 та ҳудудларига Ўзбекистон ҳаво йўллари орқали, Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятларига эса давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг кузатуви остида автотранспорт орқали етказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг байрам табриги ҳамда совғалари ҳудудий ҳокимликлар иштирокида жорий йилнинг 29-30 декабрь кунлари ўтказиладиган Президент арчаси тадбирларида болаларга тантанали топширилади.