Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида

2021-12-23 | Маданият

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисида Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган ушбу муҳим соҳага доир қарорлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Мамлакатимизда сўнгги беш йилда муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги қонун ва қонуности ҳужжатларнинг ижроси қатъий бажарилиши назоратга олинган бўлиб, ҳозирда моддий маданий мерос ёдгорликларини ҳар томонлама асраб-авайлаш, уларнинг қадимий тарихий қиёфасини тиклаш ва реставрация қилишга қаратилган кенг миқёсли ишлар изчил амалга оширилмоқда.

2021 йил октябрь ойидаги ҳолатга кўра республика миқёсида 8210 та маданий мерос обекти давлат муҳофазасига олинган. Улардан 4778 таси археология ёдгорлиги, 2267 таси архитектура, 625 таси монументал санъат ёдгорликлари ва 530 таси диққатга сазовор жойлардир. Ташкилий-ҳуқуқий таснифга кўра уларнинг 7832 таси давлат, 378 таси хусусий мулк мақомига эга.

Жорий йилнинг 20 октябридаги статистик маълумотларга кўра, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш мақсадлари учун 2021 йилда 2015 йилга нисбатан қарийб 10 баровар кўп 73 млрд. сўм маблағ йўналтирилган. Ҳозирги вақтга қадар 84 та объектда (мажмуаларда) реставрация-тиклаш тадбирлари амалга оширилган, айрим объектларда ишлар давом этмоқда.

Таъкидлаш лозимки, биринчи навбатда мамлакатимизнинг бой маданий меросини келажак авлод учун асраб-авайлаш, шунингдек, республикамизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланган. Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини юксалтиришга, сайёҳлик хизмати тармоғини кенгайтириб, ёндош соҳаларда ҳам иқтисодий ўсишни таъминлашда ижобий самара бермоқда.

Аҳамиятлиси, сўнгги 5 йилда моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастри ҳужжатларини тизимли шакллантириш ва расмийлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.

2016-2021 йилларда 95% маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжатлари тайёрланган бўлиб, бу бевосита ушбу мақсадлар учун 7,65 млрд сўм маблағ ажратилишининг натижасидир. Давлат кадастри ягона тизимига 7 382 (89,9%) та маданий мерос объекти тўғрисидаги маълумотлар киритилди.

Номоддий маданий мерос элементларининг 5 та йўналиши бўйича Миллий рўйхатига 69 та элемент, маҳаллий рўйхатга 901 та элемент, Зудлик билан муҳофаза остига олиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос объектлари рўйхатига 4 та элемент, 7 та элемент Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилган.

Архив муассасаларида сақланаётган 16,5 млн.дан ортиқ ноёб ҳужжатлар ўзбек халқи моддий-маърифий ҳаётининг тарихий, илмий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий қадр-қийматга ва аҳамиятга эга бўлган ва доимий тўлдириб бориладиган тарихий ҳужжатлар мажмуи ҳисобланади.

Шу билан бирга, йиғилганлар томонидан “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг бажарилишини ташкил этиш жараёнида йўл қўйилаётган айрим камчиликлар жиддий танқид остига олинди.

Жумладан, муҳокамалар доирасида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасида мутасадди раҳбарлар ва мутахассисларнинг шахсий масъулиятини ошириш, соҳада жамоатчилик назорати механизмларини фаол татбиқ этиш, номоддий маданий мерос элементларини сақлаб қолишни такомиллаштириш масалаларига эътиборни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Муҳокамалар якунида моддий ва номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни янада такомиллаштиришнинг долзарб йўналишлари белгилаб олинди.

Хусусан, Моддий маданий мерос объектлари давлат кадастри ва Археологик ашёлари давлат каталогини юритишнинг белгиланган тартибига қатъий риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, моддий маданий мерос объектларини инвентаризациядан ўтказиш ва электрон дастурга киритиш, номоддий маданий меросни ҳужжатлаштириш ишларини якунлаш бўйича соҳа масъулларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, Маданият вазирлиги тизимидаги номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича масъул бўлинма тузилмасини қайта кўриб чиқиш ва бўлинманинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини давр талабларига мос равишда такомиллаштириш бўйича ҳам вазифалар қўйилди.

Илмий изланишларни ривожлантириш, номоддий маданий мерос соҳасидаги тадқиқотчилар рўйхатини шакллантириш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боришга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятларидаги йирик археологик объектларда доимий (стационар)  тадқиқотларни йўлга қўйиш ҳамда соҳага олий таълим муассасалари талабаларини ихтисослик амалиёти тартибида қазув ишларига кенг жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Мажлис якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг тегишли қарори қабул қилинди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора тадбирлар режаси тасдиқланди.

Ушбу чора-тадбирлар амалий ижросининг таъминланиши мамлакатимиз маданий меросини асраб-авайлаш, жамият ва давлат томонидан аждодларимиз меросига ҳурмат ва ғамхўрлик, масъулият билан муносабатда бўлишни тарбиялаш, шунингдек, ички ва халқаро туризмнинг тегишли йўналишларини кенгайтириш ва оммалаштириш учун қўшимча имкон яратиш билан бирга республиканинг жаҳон миқёсидаги мавқеини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

Манба: «Янги Ўзбекистон»

Поделиться