Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Стартап ташаббуслари» ёшларнинг инновацион ғоя ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш дастурининг 5-даври якуний босқичи бўлиб ўтди
2021-12-22 | Инновация
Инновацион ривожланиш вазирлигида «Ўзбекистон ёшлар форуми – 2021» ҳафталиги доирасидаги «Стартап ташаббуслари» ёшларнинг инновацион ғоя ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш дастурининг 5-даври якуний босқичи ғолиб лойиҳаларини тақдимоти ва жамоаларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда 40 та истиқболли стартап лойиҳалар кўргазмаси, 5 та энг юқори балл тўплаган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳамда қатор мутасадди ташкилотларнинг раҳбар ва вакиллари иштирок этди. Иброҳим Абдураҳмонов тадбирда ўз нутқи билан иштирок этиб, тадбирни очиб берди.
Дастурнинг 5-даврида иштирок этиш учун аризалар онлайн қабул қилинди ва келиб тушган аризалар сони олдинги даврларига нисбатан анча кўпроқ бўлди. Дастурда иштирок этиш учун республиканинг барча ҳудудларидан 905 та ариза келиб тушди. Бу аввалги даврга нисбатан 38 фоизга кўпдир. Лойиҳада иштирок этаётган ёшларнинг умумий сони жамоа аъзоларини ҳисобга олган ҳолда 1972 нафар.
"Demo day" якуний тадбирида республика бўйлаб 40 та энг истиқболли стартап лойиҳаларни (ҳар бир вилоятдан 2 тадан 5 тагача) ғолиб бўлиш учун танлаб олинди.
Таъкидлаш жоизки, «Стартап ташаббуслари» - бу ёшлар, хусусан, олий таълим муассасалари талабалари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва лицей битирувчиларининг инновацион ғоялари ва стартап лойиҳаларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс дастур.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги