EPAM systems компанияси билан IT экспортни янада ошириш истиқболлари муҳокама этилди
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов EPAM systems компаниясига борди ва компания раҳбарияти билан учрашди.
Учрашув чоғида EPAM systems фаолиятини билан яқиндан танишилди. Ўзбекистонда ушбу компания фаолиятини янада ривожлантириш масалалари, хусусан, IT Парк резидентлари учун осонлаштирилган визаларни тақдим этиш, йирик IT компаниялари иштирокида муҳим IT тадбирни ташкил этиш (Global IT meetup) масалалари кўриб чиқилди.
Бугунги кунда Республикада кенг миқёсда рақамли технологиялар бўйича ишлар амалга оширилмоқда. IТ хизматлар бозори ҳам жадаллик билан ривожланмоқда. Шу боиси ҳозирги кунда малакали IT кадрларга бўлган талаб жуда юқори.
IT Парк резиденти бўлган EPAM systems компанияси ҳам ўз фаолияти учун IT мутаҳассисларни тайёрлаш бўйича ҳам ишларни амалга оширмоқда.
Шу мақсадда компания IT мутаҳассисларни тайёрлашга ихтисослаштирилган қатор маҳаллий ўқув муассасалари билан ҳамкорлик олиб бормоқда.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Амити университети ўқув муассасаларда EPAM лабораториялар ташкил қилинди. Жорий йилда компания иштирокида 100 га яқин IT мутаҳассислар тайёрланди.
Маълумот учун:
EPAM systems — дастурий таъминот ишлаб чиқиш ва IT -соҳасида консалтинг хизматларини кўрсатиш бўйича жаҳондаги энг йирик корхоналаридан бири. Бугунги кунга қадар компания 30 дан ортиқ мамлакатларда фаолият кўрсатмоқда. Компания МДҲ давлатларида ўз ваколатхоналарини очган (Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон). Ходимлари сони 43 мингдан ортиқни ташкил этади
EPAM systems компаниянинг Ўзбекистон Республикасидаги филиали 2019 йилда очилган бўлиб, ҳозирда 300 дан ортиқ мутахассислар фаолият юритади. Компания IT Парк резиденти ҳисобланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги