Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Саъй-ҳаракатларимиз ҳар икки томон манфаатига хизмат қилади

2021-12-21 | Соғлиқни сақлаш

Ўзбекистон Президентининг 16-18 декабрь кунлари Корея Республикасига ташрифи муносабатларимиз тарихида янги саҳифа очди, дейиш мумкин. Зеро, давлат раҳбарлари ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида тиним билмаяптилар.

Турли вазирлик, идоралар, ҳукумат вакиллари билан учрашиб, Кореяда ҳам ҳар икки томон манфаати йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик. Ташриф доирасида эса мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш учун аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Жумладан, соғлиқни сақлаш вазири ва тиббиёт соҳасидаги олий таълим муассасалари раҳбарлари билан учрашув чоғида нуфузли клиникаларга бордик. Таъкидлаш жоиз, Жанубий Корея соғлиқни сақлаш тизими дунёда етакчилардан саналади.

Корея соғлиқни сақлаш вазири мамлакатнинг соҳага оид мавжуд салоҳиятини, хусусан, даволаш ва ўқитиш борасидаги улкан тажрибани Ўзбекистон билан бўлишишга тайёр эканини билдирди.

Президентимиз бизга бу ердаги касалликни эрта аниқлаш усулларини, скрининг, диагностика амалиётини чуқур ўзлаштиришимиз кераклигини уқтирди.

Мулоқотлар чоғида мамлакатимиз тиббиёт олий таълим муассасалари талабаларини контракт пулини тўлаб берган ҳолда ўқишга, клиник ординаторлар, шифокорларимизни тизимли асосда малака оширишга юбориш масалалари кўтарилди. Ҳозир айни йўналишда икки томонлама шартнома имзолаш устида иш олиб боряпмиз.

Давлатимиз раҳбари кореялик инвесторлар соғлиқни сақлаш тизимига, жумладан, хусусий клиника очиш, дори-дармон ишлаб чиқариш, таълим соҳасини ривожлантириш учун инвестиция киритмоқчи бўлса, уларга зарур преференциялар тақдим этиш ва ер ажратишга тайёр эканини билдирди.

Хуллас, ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар бисёр.

Корея соғлиқни сақлаш вазири “Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш биз учун устувор йўналишлардан бири”, дея таъкидлади. Тошкент шаҳрида Корея томонидан барпо этилган Болалар миллий тиббиёт маркази ҳамда кластер шаклидаги катталар кўп тармоқли шифохонаси яқин шериклигимизга яққол мисол бўла олади. Энди ушбу лойиҳалар билан уйғун ҳолда Корея билан ҳамкорликда олий таълим муассасаси очилади.

Айниқса, кейинги йилларда муносабатларимиз очиқ, конструктив руҳда ривожланяпти. Қандай ҳужжат имзоланмасин, белгиланган муддатда ижроси таъминланяпти. Бунинг замирида, энг аввало, икки томон манфаати, халқларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ташаббуси ётади.

Беҳзод МУСАЕВ, 
соғлиқни сақлаш вазири

Манба: ЎзА

Поделиться