Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Экспорт соҳасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди
2021-12-21 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков экспорт фаолиятининг бугунги ҳолатини ўрганиш ва мамлакатимиз экспортчиларини амалий қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилишга бағишланган видеоконференция шаклида йиғилиш ўтказди.
Унда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий ҳокимият органларининг раҳбарлари иштирок этди.
Тармоқлар ва ҳудудлар кесимида ташқи савдо фаолиятининг ҳозирги ҳолати таҳлил қилинди. Вазирлик ва идоралар масъул раҳбарларининг экспорт салоҳиятини юксалтириш, экспорт фаолиятини рағбатлантириш ва экспортчи тадбиркорлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Корхоналарга олдин тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларини қайтариш, экспортга етказиб беришни амалга ошириш, дебиторлик қарзларни ундириш, айланма маблағларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш, хорижий мижозларни топиш, инфратузилмавий коммуникацияларга узлуксиз уланиш ва бошқа масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ўзаро келишилган чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилди.
Вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларига фойдаланилмаётган ресурс ва имкониятларни сафарбар этиш ҳамда экспорт ҳажмларини кескин даражада ошириш учун экспортчилар билан бевосита ишлашни фаоллаштириш топширилди.
Муҳокама якунида мутасаддиларга кўриб чиқилган масалалар доирасида қўшимча кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги