Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари билан учрашув
2021-12-20 | Жамият
Транспорт вазирлиги раҳбарияти ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Uzbekistan airways” АЖ, “Uzbekistan airports” АЖ ва Автомобиль йўллари қўмитаси мутасаддилари иштирокида мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари билан учрашув ташкил этилди.
Мамлакатимизнинг транспорт салоҳиятини янада юксалтириш, хорижий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни мувафаққиятли амалга ошириш ҳамда юртимиз миллий манфаатларини мустаҳкамлашда хорижий давлатлардаги элчиларимизнинг ўрни ниҳоятда беқиёсдир. Айнан шу нуқтаи назардан мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатоналари раҳбарлари билан ташкил этилган ушбу мулоқот барча учун бирдек манфаатли бўлди.
Учрашувда Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев сўнгги йилларда мамлакатимизда транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳасини ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан тақдимот ўтказди.
Тақдимотда Транспорт вазирлиги томонидан ўтган қисқа вақт давомида мамлакатимиз транспорт тизими ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш, юртимиз транзит салоҳиятини ошириш ҳамда транспортнинг барча турларини бир-бирига боғланган ҳолда ўзаро уйғунликда ривожлантириш юзасидан амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан соҳа мутасадилари билан фикр алмашди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги