Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги KOICA билан ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди
2021-12-17 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков KOICA Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги Президенти Сон Хьюк Санг билан учрашув ўтказди.
Конструктив мулоқот ривожланиш соҳасидаги кўп қиррали молиявий ва техник ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатини ҳар томонлама кўриб чиқиш имконини берди. Қайд этилишича, Ўзбекистонда KOICA ваколатхонаси очилганидан буён қиймати 130 млн долларга тенг бўлган 30 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилиб, Кореядаги ўзбек мутахассислари учун 2 мингдан ортиқ стажировкалар ташкил этилган. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот технологиялари, коммунал хўжалиги, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда KOICAнинг 600 дан ортиқ кўнгилли-мутахассислари Ўзбекистонда ўз миссияларини амалга оширди.
Жорий йилда таълим, ахборот-коммуникация соҳаси, экология ва тиббиёт соҳаларида бошлаб юборилган грант лойиҳаларининг амалга оширилиши, шунингдек, Корея Республикаси Президентининг 2019 йил апрель ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган ва KOICA грант маблағларининг 72 млн доллардан зиёдини Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этишни назарда тутувчи 2020-2022 йилларга мўлжалланган ўрта муддатли Ҳамкорлик дастурини ҳаётга татбиқ этишда эришилган ютуқлар муҳокама қилинди.
Томонлар Агентлик билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш салмоқли салоҳиятга эга эканини қайд этиб, рақамлаштириш, кимё саноати, тадбиркорликни ривожлантириш, экология, кўкаламзорлаштириш ва вирусли касалликлар, жумладан, COVID-19 қарши курашиш каби соҳаларда янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Учрашув давомида Кореянинг KOICA халқаро ҳамкорлик агентлиги билан мактабгача ва касб-ҳунар таълими, рақамлаштириш, кимё, тадбиркорликни ривожлантириш, экология, кўкаламзорлаштириш ва чўлланишга қарши курашиш, шунингдек соғлиқни сақлаш соҳаларида янги грант лойиҳаларини амалга оширишни кўзда тутувчи 2022-2024 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури келишиб олинди.
Учрашув якунида томонлар келишилган лойиҳалар ва дастурларни илгари суришни жадаллаштириш борасида яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги