Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ташқи савдо статистикасига оид тафовутлар ва уларнинг сабаблари

2021-12-17 | Иқтисодиёт

Сўнгги кунларда оммавий ахборот воситаларида бир қатор журналистлар, мустақил экспертлар ва блогерлар томонидан Ўзбекистон Республикасидан Қозоғистон ва Россия давлатларига амалга оширилган экспорт кўрсаткичлари бўйича ушбу давлатлар статистика органларининг очиқ маълумотларида тафовутлар борлиги кенг муҳокама қилинмоқда.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташқи савдо ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва мувофиқлаштириш учун масъул ваколатли давлат органи сифатида ушбу вазият юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан асосий ҳамкор давлатлардаги божхона хизматлари билан “онлайн” маълумот алмашинуви йўлга қўйилган бўлиб, бунда экспортга расмийлаштирилган божхона юк декларацияси товарлар экспорт қилинаётган хорижий давлатнинг божхона хизматида онлайн тарзда кўринади.

Бугунги кунда, Давлат божхона қўмитаси томонидан Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерацияси божхона хизматлари ўртасида тўлиқ “онлайн” ахборот алмашинуви йўлга қўйилган бўлиб, бунинг натижасида товарлар савдосида кескин тафовутлар вужудга келишининг олди олинади.

2. Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари якуни билан Ўзбекистон Республикасидан Қозоғистон Республикасига 951,4 млн долларлик экспорт амалга оширилган бўлиб, шундан товарлар экспорти 830 млн доллар, хизматлар экспорти 121,4 млн долларни ташкил этган.

Қозоғистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитаси маълумотларига кўра жорий йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон Республикасидан 833 млн долларлик импорт амалга оширилганлиги кўрсатилган.

Таъкидлаш лозимки, Қозоғистон Республикаси давлат даромадлари қўмитаси томонидан фақатгина товарлар импорти тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилган бўлиб, бунда хизматлар импорти тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилмаган.

Шунингдек, жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари якуни билан Ўзбекистон Республикасидан Россия Федерациясига 1 млрд 463 млн долларлик, жумладан 1 млрд 209 млн долларлик товарлар ва 254 млн долларлик хизматлар экспорти амалга оширилган.

Россия Федерациясининг Федерал божхона хизмати маълумотларига кўра жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон Республикасидан 1 млрд 170 млн долларлик товарлар импорти амалга оширилган бўлиб, хизматлар импорти ҳисобга олинмаган.

Муҳокамаларга сабаб бўлган ташқи савдо айланмасидаги рақамларга эътибор берадиган бўлсак, бунда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларида товарлар ва хизматлар экспорт ҳажмлари биргаликда акс эттирилган.

Ҳамкор давлатлар (Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерацияси) статистик кўрсаткичларида эса фақат товарлар ҳажми кўрсатилган. Демак, фарқ қилаётган рақамлар ҳажми хизматлар экспорти ҳиссасига тўғри келади.

Давлат статистика қўмитаси томонидан мазкур мавзу бўйича билдирилган изоҳда таъкидланишича товарлар экспортидаги кичик тафовутлар асосан қуйидаги ҳолатларда юзага келиши мумкин:

- юритиладиган ташқи савдо ҳисоби тизимидаги фарқлар;

- товарлар божхона қийматининг баҳолаш хусусиятларидаги фарқлар яъни, божхона чегарасини кесиб ўтиши пайтида базис нархига келтирилган шартномадаги товарлар қиймати;

- товарларни ҳисобга олиш вақтидаги фарқлар. Яъни, ташқи савдода тафовутлар сабаби вақт билан боғлиқ бўлади. Масалан, бир мамлакатдан декабрь ойининг охирида чиқиб кетган товар ҳамкор давлатга импорт қилинган санада (мисол учун, январь ойида) божхона статистикасида ўз аксини топади.

3. Ўзбекистон Республикасида экспорт амалиётлари “ноль” фоизли ҚҚС ставкаси қўлланиши натижасида вужудга келадиган ортиқча тўланган ҚҚС солиғи экспортчи корхонага ўрнатилган тартибда қайтариб берилади.

Бугунги кунда экспортга юкланган маҳсулот учун валюта маблағлари тўлиқ келиб тушганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар Давлат солиқ қўмитасига тақдим этилган тақдирда ҚҚС маблағлари қайтариб берилади.

Экспортга расмийлаштирилган товарлар республика ҳудудини кесиб ўтмаган тақдирда ёки қайтариб олиб кирилган ҳолатда экспорт сифатида акс эттирилмайди.

Бунинг натижасида сохта экспорт амалиётлари орқали республика бюджетидан ҚҚС маблағларини ноқонуний равишда қайтариб олишнинг олди олинган.

Шу билан биргаликда, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларга қўшимча енгилликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 августдаги ПҚ–5231-сон қарорига мувофиқ охирги бир йил давомида валюта тушумларини ўз вақтида таъминлаб келаётган ва экспорт шартномалари доирасида муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлмаган интизомли солиқ тўловчиларга валюта маблағлари келиб тушмасдан олдин ҳам ҚҚСни қайтариш тартиби жорий этилган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташқи савдо амалиётлари, экспортчи корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан тегишли таҳлилий маълумотлар тайёрлаш ва мақолалар чоп этишда журналистлар, мустақил экспертлар ва блогерлар билан ҳамкорлик қилишга доимо тайёр эканлигини маълум қилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться