Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

2021-12-16 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мева-сабзавотчилик соҳасида маҳсулот ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, хизмат кўрсатиш ва сотиш (экспорт қилиш) жараёнларини ўзаро интеграция қилиш, кластерлар (кооперация) фаолиятини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт ҳажмини ошириш мақсадида:

1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2022 йил 1 январдан бошлаб Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали қуйидагиларга:

а) фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга – мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредитлар ажратилади;

б) мева-сабзавотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга – етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга талаб этиладиган айланма маблағларни тўлдириш учун йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 12 ойлик “револьвер” кредит ажратилади. Бунда, ушбу кредит ҳисобидан кластер ва кооперацияларнинг тижорат банкларидан олинган бошқа кредитларини сўндиришга йўл қўйилмайди.

2. Мазкур қарорнинг 1-бандида кўзда тутилган тадбирларни молиялаштириш учун Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан Жамғармага 2 триллион сўм бюджет ссудаси ажратилади.

Молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига асосан келгуси йиллар ҳосилини молиялаштириш учун талаб этиладиган маблағларнинг Жамғармага ажратиб борилишини таъминласин.

3. Белгилансинки, 2022 йил 1 мартдан бошлаб:

а) мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) ва фермер хўжаликларига – экспорт шартномаси мавжуд бўлиб, мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш хизматидан фойдаланганда тўланган суғурта мукофотининг 50 фоизи, бироқ суғурта пулининг 1 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади. Бунда, суғурта пули хавф-хатардан суғурта қилинаётган ҳосил қийматининг 70 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас;

б) мева-сабзавотчилик кластерларига (кооперацияларга) – хориждан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ бир ойга 1 нафар мутахассис учун 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари орқали компенсация қилинади. Бунда, мева-сабзавотчилик кластерларига ўзига бириктирилган маҳсулот етиштирувчилар учун боғ ва токзорларни барпо этиш, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш бўйича семинар-тренинглар ўтказиш тавсия этилади;

в) мазкур бандда кўзда тутилган компенсация харажатлари Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буюртмаси асосида Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилади.

4. Мазкур қарорнинг 1 ва 3-бандларида назарда тутилган преференция ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тадбирлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, уларни харид қилувчи ташкилот ҳамда тижорат банки ўртасида тузилган шартномаларга эга бўлган, шунингдек, ушбу шартномаларни Ягона электрон шартномалар ахборот порталида рўйхатдан ўтказган тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилади.

Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Д.Кудбиев) мазкур бандда назарда тутилган шартномаларни Ягона электрон шартномалар ахборот порталида рўйхатдан ўтказиш учун 2022 йил 1 февралга қадар техник имкониятларни яратсин.

5. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Жаҳон банкининг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида жалб этилган 65 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари ҳисобидан кичик агрологистика марказларини барпо этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда хусусий секторни жалб қилган ҳолда кичик агрологистика марказларини барпо этиш тартибини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқласин.

6. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.А.Вафаев), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.И.Норқулов), Энергетика вазирлиги (А.С.Султонов), Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (Ш.С.Ҳидоятов), Транспорт вазирлиги (И.Р.Махкамов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

икки ой муддатда мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар), қайта ишлаш корхоналари ва агрологистика марказлари учун зарур бўлган ташқи муҳандислик (электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва оқова сув тармоқлари, автомобиль йўллари) тармоқларини таъмирлаш ва қуриш бўйича манзилли рўйхатни шакллантириб, белгиланган тартибда тасдиқласин;

ташқи муҳандислик тармоқларини қуриш ва мавжудларини таъмирлаш учун Осиё тараққиёт банкидан 100 миллион АҚШ долларигача бўлган қарз маблағларини 2022 йил якунига қадар жалб қилиш чораларини кўрсин.

7. Қуйидагилар:

Мева-сабзавотчилик кластерларини ташкил этишнинг ҳамда кластерлар томонидан 2022 йилда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг ойлар бўйича тақсимоти прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;

2022 йилда амалга ошириладиган совиткичли сиғимлар ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳалари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

8. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик):

Агентликка сабзавот, картошка, гул, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш, уларни сақлаш, қайта ишлаш билан шуғулланувчи, шунингдек, “даладан-растагача” тамойили асосида қўшилган қиймат занжирини яратувчи мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) фаолиятига кўмаклашиш вазифаларини юклаш;

Агентликнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган, ходимлар умумий чекланган сони 4-6 нафар штат бирлигидан иборат Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимларини ҳамда ходимлар умумий чекланган сони 2-3 нафар штат бирлигидан иборат туманлар (Қувасой шаҳар) мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳа офисларини (кейинги ўринларда – лойиҳа офислари) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг ходимлар умумий чекланган сони 32 штат бирлигидан иборат тузилмаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

9. Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўлимлари ҳамда лойиҳа офисларига:

иқтисодий жиҳатдан самарасиз ва кам ҳосил берадиган боғларни (узумзорларни) аниқлаш, уларнинг ўрнида интенсив боғлар (узумзорлар) барпо этиш ёки уларни ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

интенсив боғ ва токзорлар барпо этишга яроқли ер участкаларини танлаш ва очиқ танловга чиқаришга амалий жиҳатдан кўмаклашиш;

ажратилаётган кредитлар доирасида тижорат банклари билан биргаликда мева-сабзавотчилик йўналишидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш;

мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш, уларни сақлаш, саралаш, қайта ишлаш ва экспортини ташкил этишга кўмаклашиш вазифалари юклатилсин.

Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўлимлари ҳамда лойиҳа офисларига қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича жисмоний ва юридик шахсларга шартнома асосида ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилсин.

10. Белгилансинки:

Агентлик марказий аппарати учун талаб этиладиган қўшимча штат бирликлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўлимлари ҳамда лойиҳа офисларининг штат бирликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига ташкил этилади;

Агентлик, унинг ҳудудий бўлимлари ва лойиҳа офисларининг ходимларига тегишинча Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати, ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя шартлари татбиқ этилади.

Агентлик директорига Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларига шартнома асосида мутахассисларни жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

11. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази билан биргаликда икки ой муддатда қишлоқ хўжалигида инновацион биомаҳсулотларни синовдан ўтказиш хизматлари тизимини жорий этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

12. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда:

мева-сабзавотчилик туманларини қайта кўриб чиқиб, ҳар бир ҳудуднинг табиий-иқлим шароити ва ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда, мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперация) фаолиятини барқарор ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни;

ишлаб чиқарувчи – кластер – тайёрловчи корхона – қайта ишловчи ва экспортёрни узвий боғловчи тизимни жорий қилиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

13. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев), Агентлик (Ҳ.М.Каримов), Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги (Р.М.Бобоев) уч ой муддатда:

халқаро молия институтлари, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Виночиликни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти тизимида Республика боғбонлар мактаби фаолиятини ривожлантирсин;

халқаро молия институтлари ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти қошида Сабзавот, картошка, полиз, дуккакли экинлар, гул ҳамда доривор ўсимликларни интенсив усулда етиштириш мактабини ташкил этсин.

14. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) икки ой муддатда мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш хизматидан фойдаланганда суғурта мукофоти учун тўловнинг ҳамда хориждан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплаб бериш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

15. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А.Б.Воитов)га:

уч ой муддатда республикада мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилишга мўлжалланган логистика марказларини хорижий давлатлар тажрибаси асосида ташкил этиш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш манзилли дастурини шакллантириш;

мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга йўналтиришда зарур рухсатнома, сертификатлар ва божхона ҳужжатларининг расмийлаштирилишига амалий ёрдам кўрсатиш вазифаси юклатилсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

17. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

18. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

икки ҳафта муддатда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари, Агентлик ва унинг ҳудудий бўлимлари (лойиҳа офислари)нинг тегишлилиги бўйича штат жадвалларини тасдиқлаб (ўзгартириб), ўрнатилган тартибда молия органларида рўйхатга қўйилишини таъминласин;

икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

19. Мазкур қарорнинг ижросини ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори Х.М.Каримов белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ш.М.Ғаниев ва Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

            Президенти                                                       Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 15 декабрь.

Манба: ЎзА

Поделиться