Ўзбекистоннинг UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси “Бахшичилик санъати” номинациясини қўллаб-қувватлаш юзасидан мурожаат йўллади
13 декабрь куни UNESCOнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитасининг (НММҲК) XVI сессияси ташкилотнинг Париждаги қароргоҳида виртуал режимда ўз ишини бошлади.
Жорий сессия доирасида “Бахшичилик санъати” элементини Инсоният номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритиш масаласи кўриб чиқилади.
Ўзбекистоннинг UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва кўриб чиқиш учун тақдим этилган ушбу номинацияни қўллаб-қувватлаш юзасидан Баҳолаш комиссияси ва НММҲК га аъзо мамлакатларга мурожаат йўллади.
Тадбирда UNESCO раҳбарияти, НММҲКга аъзо давлатлар, 190 дан ортиқ давлатдан юқори мартабали делегатлар иштирок этмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистоннинг UNESCO ҳузуридаги доимий вакили Умид Шадиев ва UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссия вакиллари қатнашмоқда.
Ялпи мажлисдаги иштирок давомида Ўзбекистон делегацияси сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизнинг бой номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш, кўпайтириш ва тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар тақдимоти ўтказилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2003 йилдаги Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция бажарилишини давом эттириш ва UNESCOнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини қўллаб-қувватлашга содиқлик билдирилди.
“Минг йиллик тарихга эга Ўзбекистон ўзининг бой маданий мероси билан фахрланади. Бизда UNESCOнинг Репрезентатив рўйхатига киритилган 9 та миллий ва кўп миллатли элемент мавжуд. Яқин кунларда ушбу рўйхатдан яна бир элемент –“Бахшилик санъати” ҳам жой олишига умид билдирамиз ”, - деди Азиз Абдуҳакимов.
Таъкидлаш жоизки, “Бахшилик санъати” номинацияси бўйича овоз бериш жараёнининг ўзи 16 декабрь куни бўлиб ўтади, UNESCOнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитасининг XVI сессияси эса 18 декабрга қадар давом этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги