Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Оламни маҳлиё айлаган диёр
2021-12-11 | Маданият
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан «Халқлар дўстлиги» майдонида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда «Улуғ халқ қудрати жўш урган замон» шиори остида тантанали байрам ташкил этилди.
1992 йил 10 декабрь тарихимизга мустақиллигимизни мустаҳкамлаш даврининг муҳим воқеаси содир бўлган кун сифатида кирди. Ушбу санада Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қонун қабул қилинди. Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир деб белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги алоҳида таъкидланган.
Олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъат ва маданият намояндалари иштирокидаги тантанали тадбир аввалида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграганда озод Ватанимизга нисбатан қалбимизда фахр-ифтихор ҳисси жўш уриши, бу садо азму шижоатли халқимизнинг кучига куч бағишлаб, янгидан-янги бунёдкорлик ишларига даъват этиши хусусида сўзлади.
Дарҳақиқат, ҳар тонгни мадҳиямиз садолари остида қарши олар эканмиз, кўнгилларимиз янги кунга, истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик, келажакка ишонч туйғуси билан тўлқинланади. Мадҳия юртимиз келажаги бўлган ёшларимиз қалбида ўз Ватанига садоқат ва муҳаббат, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук шахс бўлиб шаклланишида муҳим тарбиявий восита ҳисобланади.
Тадбир доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорликда ўтказган «Менинг фарзандим – Ўзбекистон фахри» акцияси доирасида ҳар бир ҳудуддан аниқланган 5 нафардан энг фаол, интилувчан ғолиб ёшлар ҳамда ота-оналари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда «Ватаним мадҳиясини куйлайман» мавзусида ташкил этган видеолавҳалар танлови ғолибларига ҳам мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг ҳарбий оркестрлари, профессионал хор жамоалари, эстрада хонандалари ижросидаги Ватанни тараннум этувчи гўзал куй-қўшиқлар, таниқли шоир тилидан янграган шеърлар байрам шукуҳига янада кўтаринкилик бахш этди.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида маънавий-маърифий кечалар ўтказилмоқда. Тадбирларни Республика Маънавият ва маърифат марказининг бўлим ва бўлинмалари мувофиқлаштириб бормоқда.
Г. Нусратова
Манба: ЎзА