Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик янада фаоллашади
2021-12-11 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ўзбекистон билан БАА ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорлик масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Унда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, унинг БААдаги ваколатхонаси раҳбарияти ва ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси иштирок этди.
Икки давлат ўртасида мавжуд келишувларни амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати, қўшма лойиҳаларнинг жорий этилиши ва истиқболли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун шарт-шароитлар кўриб чиқилди.
Бирлашган Араб Амирликларидаги шериклар билан ҳамкорликнинг самарадорлиги ҳамда қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда эришилган кўрсаткичлар атрофлича кўриб чиқилди. Икки томонлама иқтисодий муносабатларнинг ишга солинмаган салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида БААдаги шериклар билан ишлаш тамойилларини қайта кўриб чиқиш ҳамда ушбу мамлакат ишбилармон доиралари билан ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбек ва БАА тадбиркорлари ўртасида бевосита алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида икки мамлакат ишбилармон доираларини бир-бирига яқинлаштиришга қаратилган чораларни кўриш долзарблиги алоҳида таъкидланди. Бу ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларини аниқлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ келишувларга эришиш учун шароит яратиш имконини беради.
Вазирлик ва идоралар билан биргаликда БАА билан савдо ва инвестициявий ҳамкорлик бўйича яхлит стратегияни, шунингдек, аниқ лойиҳалар ва уларни амалга ошириш муддатлари кўрсатилган 2022 йилга мўлжалланган икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича алоҳида “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги