Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қиличбозлик бўйича жаҳон кубоги соҳиблари Тошкентда маълум бўлади
2021-12-09 | Спорт
Бугун, 9 декабрь куни пойтахтимиздаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти спорт мажмуасида қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон кубоги баҳсларига старт берилди.
Россия, БАА, Хорватия, Озарбайжон, Беларусь, Ҳиндистон, Исроил, Қирғизистон, Швейцария, Украина, Туркия, Польша, Саудия Арабистони, Қозоғистон ва мамлакатимизнинг 260 нафардан ортиқ спортчилари қатнашаётган кубок мусобақалари 20 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида ташкил этилмоқда.
Мусобақалар қиличбозликнинг шпага, рапира ва сабля йўналишларида яккалик ҳамда жамоавий тарзда бўлиб ўтади.
Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, кубок дастурига биноан бугун спортчилар рапира бўйича яккалик беллашувларида баҳслашади.
Эртага, 10 декабрь куни шпага бўйича яккалик, рапира бўйича жамоавий мусобақалар, 11 декабрда сабля бўйича яккалик, шпага бўйича жамоавий ҳамда 12 декабрь куни сабля бўйича жамоавий баҳслар ўтказилади.
Манба: ЎзА