Молия вазирлиги томонидан давлат харидларининг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш воситалари мавзусида семинар ўтказилди
Бугунги кунда мамлакатимизда давлат харидларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат харидларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлаш, соҳада очиқлик ва шаффофликни янада ошириш, тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш орқали рақобат муҳитини янада яхшилаш шулар жумласидандир.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотларни давлат харидлари субъектларига етказиш орқали уларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб бориш бугунги куннинг долзарб масалалари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунида касбий маҳоратга эга бўлиш мақсадида харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул бўлган шахснинг малакасини мунтазам равишда ошириб бориш давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган томонидан ўқитишни ташкил этиш орқали таъминланиши белгиланган.
Шу муносабат билан, Молия вазирлиги томонидан “Crown Agents” халқаро ташкилоти, Франция тараққиёт агентлиги, Россия Федерациясининг Перм шаҳри Миллий тадқиқот университети “Олий иқтисодиёт мактаби” ҳамда “Ўзтрансгаз” АЖ мутахассислари ҳамкорлигида Молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув марказида семинар ташкил этилди.
Семинар давомида хорижий экспертлар томонидан тингловчиларга давлат харидларида очиқлик ва шаффофлик, давлат харидлари электрон тизимининг афзалликлари, халқаро тажриба ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун яратилган имкониятлар тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги