Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳаллий тўқимачилик ва чарм – пойабзал маҳсулотлари Европанинг энг йирик савдо кўргазма майдонларида намойиш этилади
2021-12-01 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган маҳаллий тўқимачилик ва чарм-пойабзал корхоналари вакиллари учун Польша, Италия, Франция ва Испанияда 1-11 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган бизнес-тур бошланди.
Тадбир Ўзбекистон жорий йилнинг апрель ойида Европа Иттифоқининг “GSP+” Преференциялар бош тизимининг бенефициари мақомига эга бўлиши натижасида мамлакатимизга тақдим этилган имтиёзлардан самарали фойдаланиш, шунингдек, миллий маҳсулот ва брендларни Европанинг энг йирик бозорларига олиб чиқиш мақсадида ташкил этилди. Ушбу мақом Европа Иттифоқи мамлакатларига 6200 товар позициясини, шу жумладан, тўқимачилик ва чарм-пойабзал саноати маҳсулотларининг кенг ассортиментини божсиз импорт қилиш ҳуқуқини беради.
Бизнес-тур доирасида ўтказиладиган тадбирларда Ўзбекистоннинг 50 дан ортиқ йирик тадбиркор ва экспортчилари, Европанинг 200 дан ортиқ корхоналар, ишлаб чиқарувчилар ва савдо компаниялари иштирок этадилар.
Тур Варшава шаҳри (Польша)дан бошланди. Бу ерда 1-3 декабрь кунлари “Fast Textile” Европанинг энг йирик тўқимачилик кўргазмаси бўлиб ўтади ва унда тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг 44 нафар ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилари ўз маҳсулотларини тақдим этади.
Таъкидлаш жоизки, ҳеч қачон бир вақтнинг ўзида бу миқдордаги маҳаллий корхоналар халқаро кўргазмаларда иштирок этмаган.
Бизнес-тур доирасида навбатдаги тадбирлар Милан (Италия) ҳамда Париж (Франция) шаҳарларида ташкил этилади. Бу ерда дунёнинг энг йирик брендлари иштирокида бизнес-форум ва “B2B” музокаралари гибрид форматда ташкил этилади. Шунингдек, Ўзбекистон тўқимачилик ва чарм-пойабзал саноатидаги сўнгги ютуқлар, Европа ишлаб чиқарувчилари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳамда йирик брендлар билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари ҳақида тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган.
Сафарнинг якуний тадбирлари Испаниянинг Барселона ва Валенсия саноат шаҳарларида бўлиб ўтади. Бу ерда ҳам Испания енгил саноати вакиллари билан бизнес-форум ва ишбилармонлар ўртасидаги учрашувлар ўтказилади.
Қўшма инвестициявий лойиҳалар ва ўзаро манфаатли савдо битимларини амалга ошириш бўйича аниқ келишувларни назарда тутган ҳолда бизнес-тур Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ва тармоқ ассоциацияларининг хорижий ишбилармон доиралари билан ҳамкорлигини чуқурлаштиришнинг самарали воситаси бўлиши кутилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги