Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида (IT Парк) Ўзбекистон-Корея экспертлар гуруҳи вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ушрашувда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Корея Республикасининг Давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирлиги ўртасида электрон ҳукуматни янада ривожлантириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида ўзаро Англашув меморандум имзоланган.
Меморандумга асосан электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт йўналишида амалга оширилишини режалаштирилаётган барча устувор лойиҳалар ва дастурлар ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистон-Корея экспертлар гуруҳи ташкил этилди.
Эксперт гуруҳ аъзолари жорий йил сентабр-ноябр ойлари давомида консултатив фаолиятни амалга ошириш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган.
Учрашув доирасида хорижий экспертлар билан электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳаларидаги қатор долзарб ё‘налишлар кўриб чиқилди, уларни ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди. Шунингдек, Ўзбекистон-Корея экспертлар гуруҳи вакиллари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳам маълумот берилди.
Жумладан, Ўзбекистоннинг БМТ электрон ҳукумат рейтингида ўрнини кўтариш масаласи бўйича мунтазам иш олиб борилмоқда. Олдинги рейтинг натижалари батафсил таҳлил қилиниб, БМТнинг методикаси асосида ички баҳолаш ўтказилди ва натижалардан келиб чиқиб, тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Сунъий интеллект йўналишида Корея Републикасининг миллий стратегияси ҳамда ушбу технологияларни жорий қилиш бўйича Корея тажрибаси ўрганилди. Кореялик экспертлар Ўзбекистон Республикасида сунъий интеллект технологияларини 2022-2030 йилларда ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатишди.
IT Парк қошидаги Рақамли технологиялари ўқув марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Корея экспертлари томонидан Ўзбекистондаги ўқув жараёнларини оптималлаштириш бўйича IT марказлар фаолиятини мониторинг қилиш тизимини жорий қилиш таклифи берилди. Мазкур тизимини таҳминий ишга тушурилиши 2022 йилнинг иккинчи ярмида белгиланган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги