Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш устувор аҳамиятга эга
2021-12-01 | Иқтисодиёт
Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) томонидан шаҳар ҳокимлиги ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати кўмагида ташкил этилган навбатдаги “Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси” бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги раҳбарияти, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар иштирок этди.
Ярмаркада металлургия, кимё, электр энергетикаси, электротехника, машинасозлик, қурилиш материаллари ва қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш ҳамда бошқа соҳаларда фаолият юритаётган 1000 яқин корхона томонидан ишлаб чиқарилган 4,4 мингдан кўпроқ турдаги маҳсулотлар намойиш этилди.
Ярмарка маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, саноат кооперацияси алоқаларини ривожлантириш ва қиймат занжирларини яратиш, маҳаллий корхоналарнинг кенг турдаги маҳсулотлари тарғиб қилиш, шунингдек, турли соҳаларда бизнес вакиллари ўртасида бевосита алоқаларни ўрнатиш мақсадида ташкил этилди.
Ярмарка доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар намойиш этилди, истиқболли инвестициявий лойиҳаларнинг тақдимотлари ўтказилди.
Тадбир якунида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги "Электрон кооперация портали" орқали умумий қиймати 666 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 596 ҳамкорлик шартномаси тузилди. Бундан ташқари, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 179 та битим имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги