Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
3 мингдан ортиқ нефть ва газ қудуқлари ягона маълумотлар базасига киритилди
2021-11-30 | Жамият
Геологик таҳлил. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси мамлакатимиз ер қаърини комплекс ўрганиш, узоқ истиқболга мўлжалланган минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш дастурларининг самарали бажарилишини таъминлаш каби бир қатор вазифаларни амалга ошириб келмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тизим ишини янада такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир. Мазкур университет тоғ-кон саноати корхоналари ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари учун геология йўналишидаги малакали кадрларни тайёрлашда мамлакатимиздаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда қўмита ва унинг тизимидаги ташкилотлар фаолияти ҳақида сўз борди.
Унда сўз олганлар геология соҳаси учун зарур бўлган мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, мазкур йўналишда олиб борилаётган изланишлар ва кадрлар масаласи таҳлилига эътибор қаратди.
– Бугунги кунда қўмита тизимида 30 нафар фан доктори ва 106 нафар фан номзоди фаолият юритмоқда, – деди Давлат геология қўмитаси Фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Қодиржон Мингбоев. – Жорий йилда олимларимиз салоҳияти ва саъй-ҳаракатлари асосида республика минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш дастури доирасида жами 57 та илмий-тадқиқот лойиҳа амалга оширилди. Масалан, биргина углеводород хомашё ресурслари ва захираларини аниқлаш бўйича ўтказилган тадқиқотларнинг 139 та ҳисобот натижаси махсус ягона координаталар тизимига ўтказилиб рақамлаштирилди ҳамда 3 мингдан ортиқ нефть ва газ қудуқлари координаталари текширилиб, ягона маълумотлар базасига киритилди. Шунингдек, Чирчиқ саноат зонаси ҳудудидаги ер усти ва ер ости сувларининг ифлосланиш даражаси харитаси, Aндижон ва Наманган вилоятлари ер ости шифобахш-минерал ва термал сувлари учун қазиб олиш қудуқларининг жойлашуви харитаси тузилди.
Бугунги кунда Геология фанлари университети геология йўналишида малакали кадрлар тайёрлаш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб боришга ихтисослашган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасадир. Ушбу олий даргоҳ таркибида Ҳ.М.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти, Минерал ресурслар институти, Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти, Нефть-газ конлари геологияси ва қидируви институти, Геология соҳаси кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти фаолият юритади.
– Геология фанлари университети таркибидаги илмий-тадқиқот институтларида жорий йил жами 72 нафар, хусусан, 21 нафар таянч докторант ҳамда 51 нафар мустақил изланувчи таҳсил олиши ва илмий изланишлар олиб бориши учун барча шароит яратиб берилди. Уларнинг 9 нафари диссертацияларини ҳимоя қилди. Жумладан, 3 нафар фан доктори ҳамда 6 нафар фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун диссертация ишлари ҳимояси ўтказилди, – дея таъкидлади Қодиржон Мингбоев.
Ҳ.М.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти директори Анвар Нурхўжаев ушбу муассаса салоҳияти ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди.
– Институтимиз 1937 йилда ташкил топган, – деди А. Нурхўжаев. – Унда фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб борилади. Фундаментал изланишларда асосан стратегик аҳамиятга эга бўлган фаннинг ривожланиш қонуниятларини яратадиган ишланмалар ўрганилади. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 октябрдаги “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу концепция илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги ривожланиш босқичларини белгилаб, соҳага оид мақсадли дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишда катта аҳамият касб этади. Айни шу талабларга мос ҳолда геологик ва геофизик материалларни тайёрлаш натижасида нефть ва газ соҳасида Устюрт, Бухора-Хива, Фарғона, Сурхондарё нефтгазлилик регионлари бўйича 210 та инвестицион блок ажратилди. Улардан 27 таси энг истиқболли ҳисобланиб, бу бўйича геологик ҳужжатлар тўплами тайёрланганини алоҳида қайд этиш зарур.
Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги қарорига асосан Геоинновацион технологиялар марказини ташкил этиш ва ривожлантириш борасида ҳам вазифалар белгиланган. Анжуманда Геоинновацион технология маркази директори Жаҳонгир Мавлонов бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди.
– Аввало, марказни ташкил этишдан мақсад мутлақо янги лаборатория-таҳлил, технологик илмий-тадқиқот ва таълим мажмуасини яратиш ҳамда илғор жаҳон стандартлари ва инновацион технологияларни жорий этиш асосида ер қаърини геологик ўрганиш ва ўзлаштириш соҳасида ишончли тадқиқотлар ўтказишнинг самарали тизимини йўлга қўйишдир. Марказни умумий қиймати 16 миллион доллар миқдорида 1 минг 925 та замонавий лаборатория-таҳлил, технологик, майдалаш ва ёрдамчи ускуналар ҳамда инвентарлар билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда, марказ фаолиятини халқаро аккредитациядан ўтказиш режалаштирилган бўлиб, айни чоғда бу борада ҳам кенг кўламда ўрганиш ишлари олиб борилаётир. Муҳими, ушбу муассаса Геология фанлари университетининг илмий-тадқиқот институтлари ва таълим кафедралари билан узвий боғлиқ ҳолда “Таълим – илм-фан – технология – амалиёт” тамойилига асосан фаолият юритади, – деди Ж.Мавлонов.
Манба: ЎзА