Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Наманган вилояти саноатининг ривожланиши янги босқичга кўтарилмоқда

2021-11-30 | Иқтисодиёт

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Наманган вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш, маҳаллий тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар билан танишиш мақсадида ушбу ҳудудга жўнаб кетди.

Хусусан, ишчи гуруҳ Янги - Наманган туманида бўлди. Туманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ, мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган кластер шаклидаги янги “Ойқирон” кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда.

Тадбиркорлар билан очиқ учрашув чоғида эълон қилинганидек, яратилаётган КСЗ майдони 10 гектар бўлиб, жами 80 та тенг участкаларга бўлинган. Саноат майдонларини сотиш жорий йилнинг 1 декабридан бошланиб, кимошди савдоси орқали амалга оширилади. Кимошди савдоси иштирокчилари ер участкаси мулкчиликка олинган кундан бошлаб 6 ой мобайнида мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш мажбуриятларини ўз зиммаларига оладилар. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш объектларида камида 50 та иш ўринлари яратилиши керак.

Таъкидланишича, ҳозирги пайтга келиб кимошди савдосида иштирок этиш учун 120 нафар тадбиркордан аризалар келиб тушган. Янги ташкил этилган КСЗ ҳудудида келгусида жойлаштириш учун умумий миқдори қарийб 50 миллион долларга тенг бўлган 53 та инвестициявий лойиҳаси ишлаб чиқилди. Янги ташкил этилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларида таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари учун мебель маҳсулотлари ва унинг бутловчи қисмлари, аксессуарлар ва тайёр мебель маҳсулотлари, офис ва хонадон учун мебеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва жами 1100 га яқин иш ўрни яратилади.

Бош вазир ўринбосари С.Умурзаков ишбилармонлар олдида сўзга чиқиб, Наманган вилоятида амалга оширилаётган ушбу ташаббусни мамнуният билан олқишлади ва тадбиркорларни яратилаётган КСЗ ҳудудида лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам берилишига ишонтирди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасидан жозибадор инвестициявий лойиҳалар ташаббускорларига лойиҳа қийматининг 30 фоизигача бўлган миқдорда молиявий ёрдам ажратилиши мумкинлиги маълум қилинди.

Учрашув давомида вилоят тадбиркорлари саноат зоналари ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ турли масалаларни муҳокама қилиш, саволлар бериш ва бизнес-ғоялари билан бўлишиш имконига эга бўлдилар.Маҳаллий тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар ўз фаолияти давомида дуч келадиган муаммоли масалалар ҳам тилга олинди. Ишчи гуруҳ томонидан билдирилган мурожаатлар ҳар томонлама кўриб чиқилди ва ҳар бир ҳолатни ҳал этиш алгоритмлари ишлаб чиқилди. Мутасадди раҳбарларга кўтарилган муаммоларни ҳал этиш бўйича тезкор ва самарали чора-тадбирлар кўриш топширилди.

Ишчи гуруҳ Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида ташкил этилган “Баркамол Авлод” кичик саноат зонасида ҳам бўлди. Ташриф давомида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларнинг қисқача тақдимоти ўтказилди, шунингдек, КСЗни ишга туширишни жадаллаштириш ва инвестициявий лойиҳалар ташаббускорларига амалий ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.Бу ерда ҳам тадбиркорлар ва лойиҳалар ташаббускорлари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди ҳамда ишлаб чиқарувчиларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиб, кўтарилган ҳар бир масаланинг энг самарали ва тезкор ечими ишлаб чиқилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться