Huawei компанияси билан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокара олиб борилди
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматовнинг Huawei компанияси вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув доирасида томонлар Huawei компанияси иштирокида АКТ соҳасидаги амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳамда, Ўзбекистон телекоммуникация инфратузилмаси, мобил алоқа, маълумотлар базалари, электрон ҳукумат ва IT таълим соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳаларни муҳокама қилди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Шерматов таъкидлаганидек, бугунги кунда Huawei компанияси АКТ соҳасида етакчилик қилаётган компаниялардан бири ҳисобланади. Шу тариқа унинг тажрибасини ўрганиш ва ўзлаштириш, рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат, IT таълим соҳаларини ривожлантириш доирасида стратегик вазифаларни амалга ошириш учун компаниянинг мутахассисларини жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.
Ўз навбатида, Ҳуаwеи компаниясининг вакиллари Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги энг муҳим ҳамкор давлат бўлишини таъкидлади ва келгусида АКТ соҳасида илғор технологияларни жорий этиш ва малакали мутахассисларни тайёрлашга йўналтирилган долзарб ва йирик лойиҳаларда иштирок этишга тайёр эканлигини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги