2021 йилнинг 27 ноябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Ашхобод шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён билан учрашди.
Мулоқот чоғида турли йўналишдаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Икки давлатнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган ҳудудлараро транспорт-логистика лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Афғонистон инқирозини ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, шунингдек, мамлакатга инсонпарварлик ва бошқа ёрдам кўрсатилиши муҳимлиги қайд этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги