Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Давлат бошқаруви тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари

2021-11-27 | Жамият

Ўтган сўнгги йиллар мамлакатимиз давлат бошқарув тизими, кадрлар сиёсати масалаларида ҳам туб бурилишлар, ўзгаришлар, замонга мос ва хос тарздаги янгиланишлар даври бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси фаолиятини ривожлантириш, мамлакатимизда миллий ва ҳудудий давлат ва жамият ташкилотлари раҳбарлари, кадрлари сифатини ошириш ва халқаро тажрибаларни жорий этиш бўйича улкан амалий ишлар қилинди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида ташкил этилган “Давлат бошқаруви тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” мавзуидаги халқаро илмий -амалий конференцияда таъкидланди.  

Халқаро илмий-амалий конференцияда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси аъзоси, 2022 йилги Президентлик сайловида Демократик партиядан номзод Пак Ён Чжин, Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Сунджин Пак, Корея давлат бошқаруви институти президенти Санхан Чои, Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов, Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов, шунингдек вазирлик ва идоралар раҳбарлари, давлат бошқарувининг турли йўналишлари бўйича маҳаллий ва хорижий олимлар, экспертлар, манфаатдор давлат органлари ва турли жамоат тузилмалари, шунингдек, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.

Конференция ишида 2017 – 2021 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилган умумий қиймати 3,15 миллион АҚШ доллари бўлган “Давлат бошқаруви соҳасига инновацияларни жалб этиш ва Давлат бошқаруви академияси салоҳиятини ошириш” лойиҳасининг натижалари муҳокама қилинди. Таъикидланишича, лойиҳа доирасида Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти, Корея давлат бошқаруви институти, Сеул миллий университети ва CИCСофт ахборотни ривожлантириш компанияси билан ҳамкорлик ишлари амалга оширилди.

Лойиҳанинг биринчи босқичида Давлат хизматчиларининг компетентлилик модели ишлаб чиқилган бўлса, иккинчи босқичда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси салоҳиятини мустаҳкамлаш учун академия бошқарув кадрлари, профессор-ўқитувчилар таркиби, вазирликларнинг кадрлар сиёсати бўйича маъсул ходимлари иштирокида халқаро экспертлар томонидан олтита маҳаллий семинар-тренинглар ташкил этилди.

Лойиҳа доирасида 2019-2020 йиллар давомида ишлаб чиқилган Давлат хизматчиларининг компетентлилик модели асосида Сеул Миллий Университети экспертлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси қайта тайёрлаш курслари учун инсон ресурсларини бошқариш бўйича ҳар бири 5-7 та модулдан иборат 7 та ўқув дастури ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Корея давлат бошқаруви институти билан ҳамкорликда 13 бобдан иборат бўлган “Давлат бошқаруви” дарслиги яратилди. Дарсликда давлат бошқарувига инновацияларини жорий этиш, рақамлаштириш, жамоатчилик билан алоқалар (воситачилик), тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш тизимида инновацион усулларни қўллаш ва давлат бошқаруви органлари билан мулоқотни йўлга қўйиш бўйича энг яхши назарий ва амалий билимлар, маълумотлар жамланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида “СМАРТ” рақамли муҳитини яратиш доирасида академия Мультимедиа маркази ва Ахборот ресурс марказининг моддий-техник базаси 500 минг АҚШ долларига тенг техник воситалар билан янгиланди.

Академия ахборот ресурс маркази фаолияти, давоматни автоматик текшириш тизимлари, таълим жараёнларини электрон бошқариш тизими, назорат-ўтиш тизими лойиҳа доирасида рақамлаштирилди. Академияда “смарт” таълимни такомиллаштириш учун 8 та фан бўйича аралаш таълим шакли жорий этилди, онлайн таълимни таъминлаш бўйича Корея тажрибасига асосланган 70 дан ортиқ видеомаърузалардан иборат видеоконтент тайёрланди. Академия компьютер технологиялари марказининг икки нафар ходими замонавий видеоконтент тайёрлаш бўйича Корея Республикасида ўқув курсларини тамомлади.

Лойиҳа доирасида Корея Республикасида махсус ишлаб чиқилган “Салоҳиятни ошириш” қисқа муддатли ўқув дастурларида республикамиз вазирлик ва идораларидан 30 нафар давлат хизматчилари, ўқув дастурининг 130 нафар тингловчилари, академия бошқарув ва маъмурий ходимларининг 65 нафари қатнашдилар. Улардан 172 нафари Кореяда оффлайн, 55 нафари Ўзбекистонда онлайн таълим олдилар.  

Конференция давомида, шунингдек, давлат бошқаруви тизимининг ҳозирги ҳолати, муаммолар таҳлилий муҳокама қилинди. Халқаро экспертлар иштирокида давлат бошқарув тизимини узлуксиз такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Моҳигул Қосимова, Ёқуб Мелибоев (сурат)

Манба: ЎзА

Поделиться