Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бетакрор санъатимиз муштараклиги
2021-11-26 | Маданият
Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг тарихи, маданияти, анъана ва қадриятлари ўзаро уйғундир.
Айтиш керакки, иккала мамлакат санъаткорлари юртимиз ва қардош диёрда бўлиб ўтадиган халқаро анжуманлар, санъат фестивалларида, ижодий лойиҳаларда фаол иштирок этиши яхши анъанага айланган. Жумладан, “Шарқ тароналари”, Халқаро мақом, бахшичилик санъати фестиваллари, болалар ижодиётига оид “Санъат ғунчалари” халқаро кўрик-танловида озарбайжонлик иштирокчиларнинг муваффақиятли қатнашгани мухлисларга яхши маълум.
Айни пайтда Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблининг мумтоз наволардан иборат концерт дастурлари, бир қатор санъаткорларимизнинг Озарбайжонда бўлиб ўтадиган миллий муғом санъати халқаро танлов ва фестивалларидаги муваффақиятли иштироки маданий-маърифий соҳадаги муносабатларимиз ривожидан дарак беради.
Маданий ташриф билан Озарбайжон Республикасида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков Озарбайжон миллий консерваторияси ректори Сиявуш Карими билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Учрашувда ўзбек миллий мақоми ва Озарбайжон муғом санъатини чуқурроқ ўрганиш борасида икки томонлама маданий ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашиш, соҳада фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар ўртасида онлайн семинарлар ташкил этиш каби масалалар муҳокама этилди.
Икки томонлама муҳим таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилган мазкур учрашув якунида Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институти ҳамда Озарбайжон миллий консерваторияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Манба: ЎзА