Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президенти ЕИ делегациясини қабул қилди
2021-11-26 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни Европа Иттифоқининг Европа комиссияси вице-президенти Маргаритис Схинас бошчилигидаги делегациясини қабул қилди.
Учрашув аввалида ЕИнинг юқори даражадаги вакили давлатимиз раҳбарига Европа кенгаши раиси Шарль Мишель ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Икки томонлама мулоқотлар, шу жумладан иқтисодиёт, қонун устуворлиги, демократик янгиланишлар, инсон ҳуқуқлари, хавфсизлик ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорлик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Шу ойда “Ўзбекистон - ЕИ” ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилди.
Ўзаро савдо ҳажми жадал ортмоқда, Европа етакчи компанияларининг илғор тажрибаси ва технологияларини жалб қилган ҳолда йирик инвестиция лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.
Таълим, хавфсизлик соҳаларида, терроризм ва наркотрафикка қарши курашиш борасида муҳим қўшма дастурлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокараларни якунлаш ва уни тез фурсатда қабул қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Минтақа кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти