Бизнес-таҳлилни ривожлантиришнинг замонавий тенденсиялари ва истиқболлари мавзусида республика миқёсидаги илмий-амалий конференция
Рақамли иқтисодиёт шароитида бизнес модделарини ўзгариш тенденсиялари, унда бухгалтерия ҳисоби ва аудиторлик фаолиятини халқаро стандартлар асосида ташкил этишнинг долзарб масалалари бўйича амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган республика миқёсидаги илмий-амалий конференсия 2021 йил 20 ноябрда Тошкент молия институтида ташкил этилди.
Конференцияда соҳа вазирлик ва идоралар ходимлари, хорижий ва маҳаллий олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, илмий-тадқиқот марказлари ва молия институтларининг иқтисодиёт соҳаси мутахассислари, шунингдек, бухгалтерия ҳисоби соҳаси мутахассислари, докторантлар, тадқиқотчилар ва магистрлар иштирок этди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Аудит услубиёти ва аудиторлик ташкилотлари иши сифатини ташқи назоратдан ўтказиш бўлим бошлиғи Отабек Баракаев томонидан бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида амалга оширилётган ислоҳотлар, хусусан “Аудиторлик фаолиятини тартибга солиш ва унда рақамли технологияларни қўллаш амалиёти” мавзусида тақдимот қилинди.
Шунингдек, конференцияда рақамли иқтисодиётни шакллантириш шароитида бухгалтерия ҳисоби, иқтисодий таҳлил ва аудитнинг аҳамияти, бухгалтерия ҳисоби ва аудитни ҳалқаро стандартларга мувофиқлаштиришнинг устувор масалалари, вазирлик ва идоралар ички аудит хизматлари томонидан ахборот технологияларидан фойдаланишни ривожлантириш масалаларига бағишланган тақдимотлар ҳам бўлиб ўтди.
Конференция якунида тадбир ташкилотчилари томонидан иштирокчиларга ўз миннатдорчилик билдириб, тадбирда фаол иштирок этганларга махсус сертификатлар топширилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги