Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Татаристон вакиллари венчур капитал соҳасида ҳамкорлик меморандумини имзоладилар.
2021-11-24 | Инновация
“InnoWeek.Uz-2021” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Инновация вазирлиги вакиллари ва Татаристон делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Вазирлик Татаристоннинг тегишли идоралари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун очиқ эканини таъкидлади.
– Татаристонда бўлганимизда бизни илиқ кутиб олишди ва сизнинг инновацион ривожланиш моделингизни кўриш имконига эга бўлдик, – деди вазир. – Ўша пайтда икки давлат ўртасида мулоқот ташкил этиш ва инновацион лойиҳаларни тақдим этиш ва, албатта, ҳамкорлигимизни яхшилашга келишиб олдик.
Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон ва Татаристон ўртасида таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, иш ўринларини яратиш, ватандошларнинг амалиёт ўташи учун шарт-шароит яратиш борасида салоҳият мавжудлигини таъкидлади.
– Биз катта делегация билан келдик, уларнинг орасида АКТ йўналишлари вакиллари, шунингдек, мамлакатимиз ва хорижда лойиҳаларни фаол амалга ошираётган резидент компаниялар бор, – деди Татаристон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Иқтисодиёт вазири Мидхат Шагиахметов. – Ҳар қандай давлат учун нафақат иш ўринлари, балки юқори технологияли иш ўринларини яратиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Инновациялар ва технологиялар, биринчи навбатда, аҳоли турмуш сифатини оширишга қаратилган бўлиши керак. Биз ҳамкорликни ривожлантиришга ва келажакда Ўзбекистон вакилларининг Татаристондаги университетларимиз, инновацион тузилмаларимиз билан танишиш дастурини тайёрлашга тайёрмиз.
Мидхат Шагиахметов, шунингдек, яратилган “InnoWeek.Uz-2021” майдончаси учун миннатдорчилик билдириб, у ерда, жумладан, ҳамкасблари билан мулоқот қилиш имконияти яратилгани ва Татаристонда Ўзбекистон вакилларини кўришдан хурсанд бўлишини таъкидлади.
Учрашув доирасида Татаристон Республикаси Инвестиция ва венчур жамғармаси ва «UzVC» Миллий венчур фонди (UzVC) МЧЖ ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги