Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев: Одамлар тиббиётда адолатни сезиши керак
2021-11-24 | Жамият
Давлатимиз раҳбари Шайхонтоҳур туманидаги Марказий кўп тармоқли поликлиникани бориб кўрди.
Бу шифо маскани 1994 йилда қурилган, 2017 йилда реконструкция қилинган. Бу ерда терапия, неврология, кардиология, ревматология, аллергология, педиатрия, жарроҳлик каби бўлимлар, ташхис ускуналари мавжуд.
Ушбу марказий поликлиника ва унинг таркибидаги 9 та оилавий поликлиника туманнинг 51 та маҳалласида яшовчи 346 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатилмоқда.
Президентимиз ушбу поликлиникалар негизида тиббиёт кластери ташкил этиш бўйича кўрсатма берди.
- Замон талаби шундай: хусусий тиббиёт ривожланиб бораверади. Аҳолининг бир қисми хусусий клиникаларга боради. Лекин давлат барча аҳолини сифатли тиббиёт билан қамраб олиши керак. Шунинг учун бу ерни кластерга айлантириб, даволашни манзилли йўлга қўйиш, самарадорлиги ва қамровини ошириш зарур. Одамлар тиббиётда адолатни сезиши керак, - деди Президент.
Мутасаддиларга шу борада топшириқлар берилди.
Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур тумани Олим Хўжаев номидаги маҳаллада ҳам бўлди. Бу ерда ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган икки қаватли уйларни реновация дастури асосида янгилаш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбарига шу борадаги лойиҳа ҳақида маълумот берилди. Президентимиз маҳалладаги нуронийлар, хонадон эгалари билан суҳбатлашди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти