Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
InnoWeek.Uz-2021» Халқаро инновацион ғоялар ҳафталигига бағишланган пресс-конференция ўтказилди
2021-11-23 | Инновация
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган навбатдаги «InnoWeek-2021» Халқаро инновацион ғоялар ҳафталигига бағишланган пресс-конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновациялар Миллий офиси директори Олимжон Тўйчиев Алижонович, Инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш ва технологияларни трансфер қилиш бошқармаси бошлиғи Жамолиддин Бобохонов, Тармоқ корхоналарида инновацион экотизимни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Санжар Бердиев ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновациялар Миллий офиси директори ўринбосари Акбархон Собирхонов қатнашди.
2021 йилнинг 22-27 ноябрь кунлари Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида хорижий илмий-инновацион марказлар, инвестицион фондлар, технологик агентликлар, технопарклар ва бизнес инкубаторларнинг фаол иштирокида навбатдаги «InnoWeek.Uz-2021» Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги бўлиб ўтади. «Innoweek.Uz-2021» — мавжуд инновацион технологиялар билан танишиш, янги бизнес муносабатларини йўлга қўйиш, потенциал сармоядорларни жалб этиш ва ишончли ҳамкорлар топиш учун ажойиб имкониятдир.
22 ноябрь куни Ҳафталик юзасидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Инновациялар Миллий офиси ходимлари ҳамда маҳаллий ва халқаро журналистлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида пресс-конференция ўтказилади.
«InnoWeek.Uz-2021» ҳафталиги доирасида 10дан ортиқ тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, инновациялар кириб борган ҳар бир соҳаларнинг фаолиятига эътибор қаратилади ва кўргазмаларда тақдим этилиши инобатга олинган.
22 ноябрь куни “Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантирамиз” мавзусида халқаро конференцияси ўтказилиши белгиланган. Конференцияда асосий муҳокамалар дунё тажрибасидан келиб чиқиб Оролбўйи минтақасида инновациялар ҳамда экологик тоза энергия ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш, чўлланишнинг олдини олиш ва экологик туризмни ривожлантиришга қаратилган.
23 ноябрь куни Халқаро инновацион ярмарканинг очилиш маросими бўлиб ўтади. Ўша куннинг ўзида “Постпандемия даври учун инновациялар ва инвестициялар форуми ўз ишини бошлайди. Ушбу форумда пандемия даври мобайнида бўлиб ўтган ўзгаришлар муҳокама қилиниб, таҳлил қилинади.
Шу билан бирга, ҳафталик доирасида 23-26 ноябрь кунлари олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан хўжалик бошқаруви органлари, тармоқ ташкилотлари ва ҳудудлар ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган илмий ишланмаларни тижоратлаштириш Форумининг иккинчи (кузги) босқичи ўтказилади.
Форумда инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини ўзлаштиришга йўналтирилган ҳамда тижоратлаштиришгача тайёрлаш мақсадида 44та янги лойиҳа натижалари, тижоратлаштирилаётган инновацион ишланмалар ҳамда инновацион ҳудудларда ишлаб чиқарилаётган 200 дан ортиқ махсулотлар ва 2022 йилда ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган инновацион ишланмалар иштирок этади. Мазкур лойиҳалар асосан қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармацевтика ҳамда энергетика соҳасидаги инновацион ишланмаларни ташкил этади.
24 ноябр куни “Сунъий интеллект — технологик ривожланиш асоси” мавзусидаги халқаро конференция режалаштирилган бўлиб, унда сунъий интеллект технологиялари бўйича халқаро ҳамда маҳаллий малакали мутахассиcлар томонидан маърузалар ташкил этилган. Шунингдек, 23-24 ноябрь кунлари Олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларнинг илмий ишланмалари кўргазмаси ҳам ҳафталик дастурида ўрин олган.
Ҳафталик доирасида 24-26 ноябрь кунлари анъанавий равишда ўтказилиб келинаётган International Robotics Challenge- 2021 робототехника мусобақаси бўлиб ўтади. 16 ёшдан 22 ёшгача бўлган болаларни қамраб олган ушбу мусобақада робототехникага қизиқувчи ёшлар ўзаро беллашади ҳамда энг яхши иштирокчилар қимматбаҳо совринлар билан тақдирланади. Бу йилги мусобақада 20 та мамлакатдан иштирокчилар қатнашмоқда. International Robotics Challenge-2021 доирасида 25 ноябрь куни “Турк дунёси фан ва маданият фестивали” ташкил этилмоқда (Манзил: “Инно” инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопаркида).
24 ноябрь куни InnoWeek.Uz-2021 ҳафталиги доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Осиё-Тинч океани технологиялари трансфер маркази билан биргаликда “Тадқиқотларни тижоратлаштириш ва технология трансферининг инновацион стратегиялари” бўйича минтақавий семинар ўтказилади. Семинарда тажрибали спикерлар томонидан дунё тажрибаси асосида технологияларни трансфер қилиш ва тижоратлаштиришни ривожлантиришда давлат сиёсатининг ўрни, интеллектуал мулк бошқаруви ва технологияларни лицензиялаш, ҳукумат–саноат–илмий фаолият вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг энг яхши амалиёти ҳамда технологияларни трансчегаравий трансферини осонлаштириш учун минтақавий ҳамкорлик каби долзарб масалаларда керакли маълумотлар берилади. Минтақавий семинар давомида технология трансфери ва тижоратлаштиришда муҳим бўлган асосий юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида ечим бўладиган амалиёт ва тажрибаларни муҳокама қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, илк бор “Ижтимоий-гуманитар фанларнинг инновацион кўргазмаси” ташкил этилмоқда. Унда фанларни инновацион методика бўйича ўқитиш усулларига оид 20дан ошиқ лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтади.
“InnoWeek.Uz-2021” ҳафталигининг 25 ноябрь куни “Водород технологиялари, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежамкорлик соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш” мавзусидаги конференцияда энергосамарадорлик ва энерготежамкорликка эришиш йўллари хусусида маърузалар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Конференцияда соҳанинг етакчи ва халқаро миқиёсдаги тажрибали мутахассислари қатнашиши кўзда тутилмоқда. Жумладан, энергия манбаларининг тақчиллиги кузатилаётган глобал муаммоларнинг инновацион ечимларни таклиф қилиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш йўллари муҳокама қилинади.
Ҳафталик доирасида GREEN ENERGY: Қайта тикланувчи энергетика ва «яшил» водород технологиялари ҳамда энергиясамарадорлик ва энергиятежамкорлик соҳаларининг ривожига тааллуқли янги технологиялар, маҳсулотлар, ғоялар, лойиҳалар кўргазмалари ташкил этилади.
Шунингдек, халқаро конференция давомида мамлакатда водород энергетикаси технологияларини ривожлантиришга оид бажарилаётган тадқиқотлар натижалари ва жорий ишларга бағишланган Ўзбекистон Республикасида водород энергетикасининг ривожланиши ҳолати бўйича йиллик ҳисобот тақдимоти ўтказилади.
Бундан ташқари, 15 ноябрдан старт олган “TechnoWays“ технологик ривожланиш марафонининг республика босқичини ғолиблари “InnoWeek.Uz-2021” ҳафталиги доирасида 24 ноябрь куни тақдирланади.
Шунингдек, “InnoWeek.Uz-2021” ҳафталигида инновацион технологиялар билан яқиндан танишиш баробарида янги бизнес муносабатларни йўлга қўйиш, потенциал сармоядорларни жалб этиш ва ишончли ҳамкорлар топиш учун ҳам имкон туғилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги