Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистонда Оролбўйи минтақаси экологик инновациялар ва экотуризм зонасига айлантирилади

2021-11-22 | Экология

22 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантирамиз” мавзусидаги халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Тадбирда давлат идоралари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди. Шунингдек, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталя Герман, БМТнинг Тараққиёт Дастури Администратор ёрдамчиси, Европа ва МДҲ минтақавий бюроси директори Миряна Сполярич Эггер, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш қўмитаси раиси Борий Алиханов, Мегаполисларни ривожлантириш Буюк Париж альянси президенти Николя Бушу, ЮНЕСКО Бош директорининг илм-фан бўйича ёрдамчиси Шамила Наир-Бедуел хоним, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов қатнашдилар ва табрик сўзлари билан чиқдилар.
 
“Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси томонидан Махсус резолюцияни амалга ошириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. 2021 йил 29 июлда БМТнинг Махсус резолюциясини амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантиришнинг етти йўналиши белгиланди.
 
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда «яшил қопламалар» барпо этишга доир ишлар кетмоқда. 2021 йилда ушбу тадбирлар натижасида 560 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» ташкил этилиб, шундан 375 минг гектарида ўрмонзор барпо этилади. Қорақалпоғистондаги ўрмон фонди ерлари ва Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларидаги Оролбўйи ҳудудларида 172 минг гектар ҳамда бошқа ҳудудлардаги ўрмон фондининг тоғ, водий ва тўқай ерларида 13 минг гектар майдонга дарахтлар экиш ишлари ташкил этилмоқда”, - деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов.
 
Орол денгизи инқирози оқибатлари Оролбўйи минтақасида яшаётган миллионлаб одамларнинг ҳаёт фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда. Маълумки, кейинги 55 йилда Орол денгизининг қуриган тубида 5,2 миллион гектар майдонга Оролқум деб номланган янги чўл пайдо бўлди.
 
Дунёнинг бошқа ҳар қандай чўлларида бўлгани каби Оролқумда ҳам инсонларнинг тўкис ҳаёт кечириши, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, биохилмахиллик ва экотизимни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган инфратузилма ва ижтимоий шарт-шароитлар етарли эмас. Шу боис ҳам 2021 йил 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан, Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус Резолюция бир овоздан қабул қилинди.
 
Мазкур Резолюцияга асосан экологик инновациялар ва технологиялар, шунингдек, яшил иқтисодиёт ва маҳсулотлардан кўп марта фойдаланадиган иқтисодиёт тамойиллари асосида Оролбўйи ҳудудини экологик ва инсоният инқирози билан боғлиқ ҳудуддан барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланган ҳудудга айлантириш бўйича стратегик йўналишлар ҳамда устувор лойиҳалар йўналишлари белгиланди.
 
“Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантирамиз” мавзусида ташкил этилган халқаро конференция давомида асосий муҳокамалар дунё тажрибасидан келиб чиқиб, Оролбўйи минтақасида инновациялар ва экологик тоза, энергия ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, чўлланишнинг олдини олиш ва экологик туризмни ривожлантиришга қаратилган бўлади.
 
Ҳозирда БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳамкорлигида БМТ Тараққиёт Дастури, Европа Иттифоқи, ЮНИСЕФ, Ислом тараққиёт банки, ИCБА халқаро маркази билан яқин алоқалар йўлга қўйилди. Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Тунис, Швейцария ва Канадалик олимлар билан биргаликда Оролбўйининг шўрланган ва қурғоқчил ерларида илмий ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди.
 
Оролбўйида ИCБА халқаро марказидан келтирилган 18 та ўсимликларни ва маҳаллий ёввойи ўсимликлар флораси намуналарини маданийлаштириш бўйича синовдан ўтказишга доир тадқиқотлар олиб борилмоқда. Орол денгизининг қуриган тубидан 10 турдан ортиқ тупроқ тоифалари асосида илмий лизиметрик тадқиқот майдончаси барпо этилди. “Оролдаги менинг боғим” (My garden in the Aral Sea) агро-экотуризм лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳозирги кунда кўргазма участкаларида 5126 дан ортиқ декоратив ҳамда чўлга чидамли дарахтлар экилган.
 
Халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар кўмагида Оролбўйи халқаро инновация марказида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистондаги ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликда ImkonLab дастури доирасида Қорақалпоғистонда Мўйноқ, Бўзатов, Қўнғирот, Нукус туманлари ёшларининг стартап лойиҳаларига ёрдам кўрсатилди. Туниснинг Chahbani Technologies компанияси билан ҳамкорликда тупроқ остидан суғориш янги инновацион ирригация тизимини жорий этилмоқда. Хитой Фанлар Академиясига қарашли Синсзян Экология ва география институти билан ҳамкорликда сувни тежаш технологияси асосида маккажўхори ва пахта ҳосилдорлигини кўпайтириш тажриба-синовлари ўтказилмоқда (ушбу лойиҳалар доирасида жами 211 минг АҚШ доллари жалб қилинди).
 
Бугунги халқаро конференсияда Япония давлати билан SATREPS дастури доирасида илмий-тажриба ишларининг расмий бошланиши ва Германия давлати билан CLIENT III  дастури доирасида янги қўшма танлов ўтказиш йўлга қўйилмоқда ва ҳамкорлик ишларига киришилмоқда.
 
Анжуман якунлари бўйича Оролбўйи минтақасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга ҳамда инновацион ривожланишнинг зарурий инфратузилмасини шакллантириш мақсадида илмий-тадқиқот ва тажриба-синов ишларига катта аҳамият қаратилиб, БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ташаббуси дунё ҳамжамиятига тақдим этилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Поделиться