Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг Женевадаги доимий вакили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раисининг ўринбосари этиб сайланди
2021-11-22 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси ўз тарихида илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши (ИҲК) бюроси фаолиятида иштирок этади.
Осиё-Тинч океани минтақавий гуруҳига аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Улуғбек Лапасов номзодини 2022 йил учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раисининг ўринбосари лавозимига бир овоздан қўллаб-қувватлади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши бюроси таркиби ИҲК раиси ҳамда унинг турли географик гуруҳлардан сайланган тўртта ўринбосаридан ташкил топган.
Ўзбекистоннинг доимий вакили номзоди кўрсатилган Осиё-Тинч океани минтақаси БМТ ИҲК тизимидаги энг йириклардан бири ҳисобланади. Гуруҳда 56 та давлат бор.
Ўзбекистон вакилининг ушбу лавозимга сайланиши республикамизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий баҳоланаётганининг ифодасидир.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Ўзбекистон 2021-2023 йиллар мобайнида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг тўлақонли аъзоси этиб сайланган ва ташкилот доирасида фаол иш олиб бормоқда.
Жорий йил октябрь ойида мамлакатимиз ташаббуси билан Кенгаш томонидан Пандемия даврида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги биринчи резолюцияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат БМТ ИҲКнинг барча аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди ва 60 га яқин давлат унга ҳаммуаллифлик қилди.
БМТ ИҲК таркибига 47 давлат киради ҳамда бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилишга масъул тузилма ҳисобланади. Кенгаш ваколатига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги эътиборга молик бўлган барча масалалар ва вазиятларни муҳокама қилиш киради. Кенгаш мажлислари БМТнинг Женевадаги ваколатхонасида ўтказилади.
Манба: «Халқ сўзи»