Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик II форуми иштирокчиларига мурожаати
2021-11-18 | Сиёсат
Ҳурматли Ўзбекистон ва Россия ҳудудларининг раҳбарлари! Ҳурматли делегациялар аъзолари! Хонимлар ва жаноблар!
Иккинчи Ўзбекистон-Россия ҳудудлараро ҳамкорлик форуми иштирокчиларини қутлашдан мамнунман.
Мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги муҳтарам Владимир Владимирович билан иккимиз роппа роса уч йил аввал бошлаб берган фаол мулоқот бугун стратегик шерикликни мустаҳкамлашнинг локомотивларидан бирига айланди.
Ҳеч шубҳасиз, Форумнинг муваффақиятли фаолияти кейинги йилларда икки томонлама муносабатларда эришган улкан натижаларимиз ва юксак марраларнинг яна бир тасдиғидир.
Ўзбекистон ҳудудлари Россия Федерациясининг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари, Татаристон Республикаси, Олтой ўлкаси, Астрахань, Новосибирск, Омск, Самара, Челябинск вилоятлари ва кўплаб бошқа субъектлари билан жадал ҳамкорлик қилаётганини катта мамнуният билан қайд этмоқчиман.
Биргаликда олиб борилаётган фаол ишлар туфайли ўзаро товар айирбошлашнинг ҳатто пандемия шароитида ҳам ўсишига эришдик, унинг ҳажми эса жорий йилда олти миллиард доллардан ошади.
Кейинги бир йилда Санкт-Петербург, Самара ва Қозонда Ўзбекистон ҳудудларининг кўргазмалари муваффақиятли ўтказилди.
Бугун мамлакатларимизда уч мингга яқин қўшма корхона фаолият юритмоқда, иқтисодиётнинг барча соҳаларида юзлаб янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда Россиядан жалб қилинган инвестициялар ҳажми бугунги кунда 10 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда ва бу кўрсаткич жадал ўсиб бормоқда.
Муваффақиятли ҳамкорлигимизга айрим миссоларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Татаристонлик шериклар билан Тошкент вилоятида “Химград” юқори технологик саноат парки ташкил этилмоқда.
Яқин орада Жиззах вилоятида москвалик инвесторлар билан ҳамкорликда кўп функцияли агрологистика маркази ишга туширилади.
Самара вилояти компаниялари Бухорода йирик иссиқхона мажмуасининг қурилишига киришди.
Ингушетиялик тадбиркорлар билан биргаликда Фарғон водийсида тўқимачилик кластерини кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Бундай мисолларни, шу жумладан Ўзбекистон бизнеси иштирокида Россия ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин.
Азиз дўстлар!
Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд.
Икки мамлакат манфаатлари учун янги истиқболлар очадиган йўналишларни алоҳида қайд этишни истардим.
Биринчи. Қўшма бизнес лойиҳаларни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаймиз, шунингдек, россиялик инвесторлар учун зарур шароитлар яратишни давом эттирамиз.
Бу ҳақда сўз борганда, энг аввало металлургия, энергетика, нефть-кимё, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа тармоқлардаги саноат кооперациясини қайд этиш лозим.
Иккинчи. Ҳудудларимиз бир бирини самарали тўлдириб туриши мумкин бўлган соҳа – қишлоқ хўжалигидаги ҳамкорлик улкан имкониятларга эга.
Ўзбекистон ва Россияда йирик агросаноат компаниялари ва кластерлари, омборхона терминаллари ва қайта ишлаш қувватларини яратиш шулар жумласидан.
Бундан ташқари, биз янги агротехнологияларни кенг жорий этиш, селекция соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдормиз.
Учинчи. Инновациялар, IT, билим ва саноат технологиялари билан алмашиш соҳалари айниқса истиқболлидир.
Хусусан, “Иннопром” халқаро кўргазмаси эндиликда ҳар йили янги минтақавий форматда Ўзбекистонда ўтказилади.
Россиянинг етакчи, шу жумладан ҳудудий олий таълим даргоҳларининг мамлакатимиздаги фаолияти янада кенгайишини қўллаб-қувватлаймиз.
Бу борадаги муваффақиятли ишларга Қозон федерал университети ва Астрахань давлат техника университети билан шериклигимизни мисол қилиб келтириш мумкин.
Бу, шунингдек, илмий ҳамкорлик ва биргаликдаги амалий тадқиқотларни кенгайтириш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имконини беради.
Тўртинчи. Ҳудудлар ўртасидаги фаол алоқалар маданий-гуманитар алмашинув ва туризмнинг кенгайишига хизмат қилади.
Ҳудудларда мамлакатларимиз вакиллари иштирокида ёшлар фестиваллари, концертлар мунтазам ўтказилишини, театрларнинг ижодий сафарлари ва спорт тадбирлари ташкил этилишини қўллаб-қувватлаймиз.
Ҳурматли форум иштирокчилари!
Бугунги учрашув ва унинг натижасида янги қўшма дастур ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳудудларимиз ва умуман мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка кучли суръат бағишлашига ишонаман.
Форумнинг барча иштирокчиларига самарали фаолият, катта муваффақиятлар ва янги ютуқлар тилайман.
Катта мамнуният билан сизларни келгуси йилда учинчи Ҳудудлараро форумни ўтказиш учун Ўзбекистонга таклиф этаман.
Манба: ЎзА