Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Binary” университетининг Урганч филиалида халқаро стандартлар асосида таълим берилади
2021-11-18 | Таълим
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида Малайзиянинг “Binary” менежмент ва тадбиркорлик университети раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.
Муҳокамалар давомида университетнинг Хоразм филиалини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва Таълим инспекциясининг ўрганиш натижалари, мазкур нодавлат олий таълим ташкилотига лицензияни расмийлаштириш ҳамда мамлакатимизда университет томонидан берилган дипломларни тан олиш билан боғлиқ қатор масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Учрашув аввалида Таълим инспекцияси бошлиғи мамлакатимизда нодавлат олий таълим ташкилотлари сонини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва бу йўналишдаги давлат талаблари ҳақида маълумот берди. – Сўнгги йилларда олий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида нодавлат олий таълим ташкилотлари сони мунтазам ошиб бормоқда. Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ҳар бир ҳудудда нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Хоразм вилоятида ҳам хорижий инвесторлар томонидан мана шундай таълим маскани очилаётгани биз учун қувонарли воқеа, – деди Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев. – Мамлакатимизда аҳоли сонига нисбатан ёшларнинг улуши ошиб бораётганини ҳисобга олиб, таъкидлашим лозимки, Хоразм вилоятида мана шундай нодавлат олий таълим ташкилотлари филиаллари сонининг ошиб боришидан биз ҳам манфаатдормиз. Умид қиламизки, “Binary” университети ҳам юртимиздаги етакчи олий таълим муассасалари қаторида меҳнат бозорига салоҳиятли ва рақобатбордош кадрларни етказиб беришга хизмат қилади. Ўз навбатида “Binary” менежмент ва тадбиркорлик университети асосчиси ва ректори Жозеф Адайкалам Таълим инспекцияси мутасаддиларига самимий қабул учун миннатдорчилик билдирар экан, университет тарихи ва бугунги кундаги фаолияти ва истиқболдаги режаларга тўхталиб ўтди.
– Мен олдин ҳам мамлакатингизда бир неча маротаба бўлганман. Ўтказилган сайлов жараёнларида кузатувчи сифатида қатнашиб кўрдимки, Ўзбекистон кадрлар тайёрлаш бўйича улкан салоҳиятга эга. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз учун мамлакатингиз олий таълим тизимига инвестиция киритиш қизиқарли бўлди. “Binary” университетининг ўқув дастурлари Буюк Британия, АҚШ, Австралия каби мамлакатлар стандартлари асосида шакллантирилганлигини таъкидлашим лозим, – деди “Binary” менежмент ва тадбиркорлик университети ректори. – Бундан ташқари, бакалавр ва магистратура босқичи битирувчиларига диплом билан биргаликда АҚШнинг Миллий стандартлаштириш инстутити томонидан аккредитацияланган ISP сертификати ҳам тақдим этилади. Бу эса уларга меҳнат бозорида ўз ўринларини топишлари учун катта устунлик беради. Шунингдек, бизда битирувчилар касб билан биргаликда, тадбиркорликка ҳам тайёрлаб борилади. Айнан мана шундай ёндашувлар асосида бугунги кунда битирувчиларимизнинг бандлик кўрсаткичлари ўртача 96 фоизни ташкил этмоқда.
Музокаралар якунида университетда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини давом эттиришга ва белгиланган таълим фаолиятини йўлга қўйиш бўйича якуний ҳужжатлар тақдим этилгач, мазкур олийгоҳга ўрнатилган тартибда лицензия расмийлаштирилишига келишиб олинди.
Маълумот учун, Малайзиянинг “Binary” менежмент ва тадбиркорлик университети, 1984 йилда ташкил қилинган бўлиб, университетда 60 дан ортиқ мамлакат талабалари таҳсил олади. 5 та тадқиқот марказлари фаолият юритади. Таълим муассасасининг бакалавр босиқичида 5 та, магистратура босқичида 11 та ва докторантура босқичида 3 та йўналиш мавжуд.
Университетнинг Урганч шаҳридаги филиали 2020 йил 17 сентябрда ташкил этилган бўлиб, мазкур таълим муассасасида 124 нафар талаба таҳсил олмоқда.